Жаҳон | 08:19 / 26.09.2017
50816
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош Ассамблеясида энг узоқ нутқни ким сўзлагани маълум бўлди

Фото: UN

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумсиёсий мунозарасида энг узоқ вақт давомида нутқ сўзлади. Фаластин раҳбари 43 дақиқа гапирган – АҚШ президенти Дональд Трампдан 2 дақиқага кўпроқ.

"Энг узоқ вақт давом этган нутқ – 43 дақиқа бўлиб, у Фаластин Давлати президенти томонидан дебатларнинг иккинчи кунида сўзланди. Иккинчи ўринда – АҚШ президенти Дональд Трамп. У биринчи куни 41 дақиқа давомида нутқ сўзлади", - деган Бош Ассамблея раисининг матбуот котиби Бренден Варма журналистларга.

19 сентябрь куни бошланган ва душанба куни якунига етган мунозараларда 196 нотиқ иштирок этди. Улар орасида БМТга аъзо давлатлар вакиллари ҳамда Ватикан, Фаластин ва Европа иттифоқидан кузатувчилар бор. Дебатларнинг сўнгги кунида 11 давлат вакиллари чиқиш қилди.

БМТ котибияти форум иштирокчиларига ўз нутқини 15 дақиқа билан чеклашни тавсия этади. Нутқ сўзловчи қанча вақт давомида чиқиш қилаётганини билиши учун Бош Ассамблея залидаги трибуна махсус чироқ билан жиҳозланган. Вақт ҳали бор бўлса, трибунада яшил чироқ порлаб туради, сўнгги дақиқада эса сариқ ранг ёна бошлайди. Вақт ўз якунига етганида нутқ сўзловчи олдида қизил сигнал пайдо бўлади.

Энг қисқа баёнот эса Литва президенти Дали Грибаускайте томонидан қилинди. Унинг нутқи беш дақиқа давом этди ҳамда у икки дақиқадан кўпроқ вақт давомида Россиянинг тажовузкорлиги ҳақида гапирган. 

Эрон, КХДР, Сурия ва Венесуэла давлатлари вакиллари 20 дақиқадан сал узоқроқ нутқ сўзлашди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг БМТдаги нутқи 19 дақиқа давом этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида тахминан 18 дақиқа нутқ сўзлаган.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасидаги умумсиёсий мунозаралар 25 сентябрь куни якунига етди.

Мавзуга оид