БМТ Бош Ассамблеясининг Украинадаги уруш даврида содир этилган жиноятларни тергов қилиш бўйича мустақил комиссияси Россияни инсониятга қарши жиноятларда айблади. Халқаро дипломатлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг очиқ маърузасида хорижликларни Россия армияси ҳамда унга алоқадор тузилмаларга ёллаш усуллари одам савдоси сифатида баҳоланган.
«Комиссия Россия ҳукумати дунёнинг турли минтақаларида фаолият юритувчи агент ва агентликлар билан тил бириктириб, 29 та мамлакат фуқароларини Россия қуролли кучларига ёллаш мақсадида алдов ёки мажбурлаш йўли билан одам савдосига қўл ургани ҳақида ишончли далилларни аниқлади», — дейилади ҳисоботда.
БМТ комиссияси Россия қўшинларига 48 та давлат фуқаролари жалб қилингани аниқланганини кўрсатиб ўтди. Бироқ улардан камида 29 тасининг фуқаролари айнан алдаш ёки мажбурлаш йўли билан ёллангани ўз исботини топган. Булар қаторида нафақат собиқ СССР республикалари, балки Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳам бор. Улар орасидан Бразилия, Ҳиндистон, Туркия, ЖАР ҳамда Украинада уруш бошланганидан кейин Москва билан ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолишга уринаётган бошқа бир қатор давлатлар жой олган.
Ҳисобот муаллифлари турли мамлакатларда одамларни ёллашда мунтазам такрорланадиган бир нечта қонуниятларни ажратиб кўрсатди. Ёлловчилар аҳолининг энг ночор ва ҳимоясиз қатламлари орасида иш олиб борган. Улар ёлланувчиларга Россияда тинч касбларда ишлашни ваъда қилган, баъзи ҳолларда эса урушга жўнатилмасликларига алоҳида «кафолат берилган».
Аммо амалда хорижликлар Россияга етиб боргач, ўзлари тушунмайдиган рус тилида Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланган. Хорижликларнинг паспорт ва телефонлари тортиб олиниб, етарли ҳарбий тайёргарликсиз фронтнинг хавфли нуқталарига жўнатилган. Бундай аскарларнинг кўпчилиги олдинги чизиққа тушган дастлабки кунларидаёқ ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.
Дунёнинг бир қатор давлатлари ўз ҳудудларида Россия армиясига ноқонуний ёллаш муаммоси борлигини аллақачон тан олди ва ёлловчи тармоқларга қарши курашни бошлади. Шу билан бирга, БМТ комиссияси бутун дунё бўйлаб Кремль манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган агентлар ҳам ўзаро, ҳам Россия ҳукумати билан юқори даражада мувофиқлашган ҳолда ишлаётганини қайд этди.
Уруш чўзилгани сари, ёлловчи тармоқларга керакли миқдордаги жангчиларни топиш қийинлашиб бормоқда. Аммо ҳозирча улар янги ҳудудларга кўчиб ўтишнинг уддасидан чиқишяпти. Хусусан, Африкада бирваракайига бир нечта давлат (Ботсвана, Кения, ЖАР) ўз фуқароларини бегона урушга ноқонуний ёллаш муаммосини тан олганидан сўнг, россияпараст агентларнинг эътибори раҳбарияти мойилроқ бўлган мамлакатларга қаратилди: масалан, Бурунди, Мадагаскар, Зимбабве ёки Конго Демократик Республикаси шулар жумласидандир.

















