БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши тузган мустақил халқаро тергов комиссияси 26 октябр куни Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари бўйича ҳисобот эълон қилди. Комиссия имзолаган ҳужжатда (pdf) Исроил 2025 йил октябрдаги ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин ҳам Ғазода геноцид ҳаракатларини содир этишда давом этаётганини маълум қилинган. БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилган ҳужжат Исроилда 2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумидан кейинги илк парламент сайлови арафасида чиқди. Исроилнинг ўзу бу ҳисоботни қатъий рад этмоқда.
Ҳисоботда нималар бор?
Комиссия 2023 йил октябрдан буён Исроил ва Фаластин хавфсизлик кучлари содир этган қотиллик ва жароҳатларни ўрганди. Reuters'нинг ёзишича, ҳужжатда Исроил кучлари ўт очишни тўхтатиш даврида ҳам аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда оғир ва бошқарилмайдиган бомбалар, дронлар ҳамда снайперлардан фойдаланишда давом этгани қайд этилган. 2025 йил 10 октябрдан 2026 йил 30 сентябргача Исроил ҳужумларида Ғазода 1431 киши, жумладан, камида 300 бола ўлдирилган.
Ғазонинг Исроил назоратидаги қисми эса келишувда белгиланган 53 фоиздан камида 60 фоизгача кенгайган. Вақтинчалик деб эълон қилинган «Сариқ чизиқ» амалда янги чегарага айланган. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 2026 йил май ойида Ғазонинг 70 фоизини эгаллашни буюрганини айтганди.
Мавзуга оид
Исроил Ғазодаги "Сариқ чизиқ"ни ичкарига суриб бормоқда / Фото: NYT Planet Labs орқали
Бундан ташқари, Исроил кучлари Ғарбий соҳилда 2023 йил 7 октябрдан бери 1080 фаластинликни ўлдирган. Комиссия бу ердаги ҳарбий амалиётлар ва кўчманчилар зўравонлигини тинч аҳолига қарши кенг кўламли ва тизимли ҳужум деб баҳолади. Исроил инсониятга қарши жиноятлар – қирғин, қийноқ, зўрлаш ва таъқибда айбланди. Ҳисоботга кўра, болалар атайлаб нишонга олинган, ҳибсдаги фаластинликларга нисбатан жинсий зўравонлик қўлланилиши эса давом этган.
Сунъий интеллект тизимлари
БМТ комиссияси Исроил кучлари Ғазода сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишидан ҳам хавотир билдирган. Ҳисоботда аввалги терговларда қайд этилган «Habsora» ва «Lavender» тизимлари тилган олинган. Шунингдек, нишонга олинган кишининг жойлашувини кузатиб, у белгиланган жойга кирганда операторларни огоҳлантирадиган «Where's Daddy?» тизими ҳақида ҳам гап боради.
Комиссия БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси автоном қуроллар бўйича янги халқаро қоидалар қабул қилишга чақирганини эслатган. Уларга кўра, бундай тизимларнинг тезлиги ва эҳтимолликка асосланган натижалари – тинч аҳолини ҳимоя қилиш мажбуриятларига зид келади. Шу билан бирга, сунъий интеллект қўлланилган тақдирда ҳам тизимни амалда бошқарган ва қарор қабул қилган шахслар жавобгар бўлиб қолади.
Комиссия Исроилдан сунъий интеллектнинг ноқонуний қўлланиши бўйича самарали тергов ўтказишни, давлатлардан эса уни қуролли можароларда тартибга солувчи аниқ қоидалар ишлаб чиқишни талаб қилган. Исроил армияси аввалроқ террорчиларни аниқлайдиган сунъий интеллект тизимидан фойдаланмаслигини, бу дастурлар фақат таҳлилчиларга ёрдамчи восита эканини билдирганди.
Фото: Reuters
Комиссия хулосасига кўра, фаластинликларни ўлдириш ва жароҳатлаш ортида «аниқ демографик ва этник мулоҳазалар» турибди. Бундай қарашлар эса исроиллик аскарлар – реал таҳдид туғдирмаган фаластинликларни ҳам нишонга оладиган ҳарбий маданиятни шакллантирган.
Исроилнинг ҳаракатлари нега геноцид дейилади?
Геноцид тушунчаси 1948 йилги БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенциясида белгиланган. Унга кўра, миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида содир этилган муайян ҳаракатлар геноцид ҳисобланади. Бу ҳаракатлар қаторига гуруҳ аъзоларини ўлдириш ва уларга оғир жисмоний ёки руҳий зарар етказиш киради. Янги ҳисобот айнан шу икки жиҳатни ўрганган.
Комиссия 2025 йил 28–29 октябрдаги ҳаво ҳужумларини (уларда 104 киши, шундан 46 бола ўлдирилган) ва «Сариқ чизиқ» яқинидаги қотилликларни тергов қилди. Шу асосда у Исроил ҳукумати ва кучлари «Ғазодаги фаластинликларни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш ниятида геноцид ҳаракатларини содир этишда давом этмоқда», деган хулосага келди.
Геноцидни исботлашда энг муҳими – ният. Бу борада комиссия 2025 йил сентябрдаги ҳисоботига таянади. Ўшанда комиссия Исроил Ғазода геноцид содир этган деган хулосага келиб, болаларни ўлдириш ва жинсий зўравонликни ниятни тасдиқловчи унсурлар қаторида кўрсатганди. Комиссия фикрича, Исроил расмийлари Ғазо устидан доимий ҳарбий назорат ўрнатиш ва унинг демографик таркибини ўзгартиришга интилмоқда.
Томонларнинг баёноти
Исроилнинг Женевадаги ваколатхонаси ҳисоботни “Исроилни ёмон кўрсатишга қаратилган дезинформация кампанияси”, деб атади. «Яҳудий давлатини йўқ қилишга уриниш бугун БМТ тергов комиссияси каби акторлар орқали давом этмоқда», деди элчи Даниэл Мерон. Исроил расмийлари Ғазодаги зарбаларни ўт очишни тўхтатиш бузилишларига жавоб деб изоҳлайди. Комиссияга кўра, Исроил унинг икки сўровига жавоб бермаган.
Тиббиёт ходимлари Ғарбий соҳилдаги қишлоқда Исроил аскарлари отиб ярадор қилган маҳаллий кенгаш аъзосини олиб кетмоқда / Фото: New York Times
Ҳисоботда Фаластин мухторияти ҳам танқид қилинган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан 2025 йил октябрь охиригача унинг хавфсизлик кучлари камида 14 фаластинликни, жумладан, икки болани ўлдирган. Бу асосан Исроил билан мувофиқликда Исроил қидираётган қуролли гуруҳ аъзоларига қарши ўтказилган амалиётларда юз берган. Мухторият, шунингдек, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилган. Фаластиннинг Женевадаги элчиси ҳар қандай қонунбузарлик кўриб чиқилишини айтган.
Ҳужжат қандай кучга эга?
Комиссия суд эмас, унинг хулосалари ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий эмас. New York Times'га кўра, Жанубий Африканинг геноцид айблови бўйича Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди қарор чиқаргунига қадар бу хулосалар Ғазодаги урушнинг энг нуфузли ҳуқуқий таҳлили ҳисобланади.
Комиссия Исроилдан геноцидни тўхтатиш, Халқаро суднинг муваққат чораларига амал қилиш ва ишғолни тугатишни талаб қилди. Давлатларга эса геноциднинг олдини олиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш ва гумонланувчиларни жавобгарликка тортиш тавсия этилди. Халқаро жиноят суди прокурорига эса геноцид айбловини мавжуд ҳибс ордерларига қўшишни кўриб чиқиш таклиф қилинди. Бу суд 2024 йилда Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш учун ордер берганди.