Ўзбекистон ва Россия агросаноат мажмуи соҳасида ҳамкорликни фаоллаштирмоқда
Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев 23-25 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга ташриф буюрди.
25 сентябрь куни Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев ҳамда ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия делегациялари агросаноат мажмуида (АСМ) икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
2017 йилнинг 7 ойи мобайнида мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти 27 фоизга ошиб, 75 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Ўзбекистонга 131 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди.
Ҳозир Ўзбекистон ва Россия қўшма лойиҳалар устида ишлашмоқда. Хусусан, мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини икки томонлама етказиб бериш учун «яшил йўлак» ва фитосанитария назоратини такомиллаштириш бўйича тадбирларни ташкил этишмоқда.
Учрашув давомида Александр Ткачев Ўзбекистон Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун истиқболли экспорт шериги эканини таъкидлади. У Россиядан Ўзбекистонга шакар етказиб беришни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди.
Ўзбек томони Россия шакарини сотиб олишга қизиқиш билдирди.
Россия томони Ўзбекистон бозорига ёғ-мой маҳсулотларини, хусусан, кунгабоқар ва соя ёғи, уруғлик картошкалари, дон, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, гўшт (мол гўшти) ва қандолат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Ўзбекистон ва Россия делегациялари дон маҳсулотлари, дуккакли экинлар ҳамда ёғли ўсимликлар селекциясини биргаликда амалга ошириш, ўсимликларни узоқ муддатли комплекс ривожлантириш борасида ҳамкорликни кенгайтириш ғоясини қўллаб-қувватлашди.
Россия томони Ўзбекистонда уруғлик картошкаларини етиштириш учун Россия-Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма корхонасини ташкил этишни таклиф қилди.
Томонлар ҳар икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ривожланиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлигини кенгайтиришга тайёрлигини таъкидладилар.
Улар қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро алоқаларнинг барча йўналишларини янада ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
24 сентябрь куни Россия делегацияси бир қатор ўзбек корхоналарига ташриф буюрди. Хусусан, Россия делегацияси мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва шарбатлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи «Агромир» корхонаси, «Мароқанд» боғдорчилик хўжалиги, уруғчилик маркази, шунингдек, пахта етиштириш бўйича корхонаси фаолияти билан танишди.
Мавзуга оид
18:22 / 24.10.2024
«Ўзагроинспекция» ҳукумат бўйсунувига ўтказилди
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024