Спорт | 16:40 / 04.10.2017
19228
2 дақиқада ўқилади

Ravon Россия терма жамоасининг расмий ҳомийсига айланди

Фото: Ravon.ru

Россия автомобил бозорида RAVON брендини тақдим этиб келаётган «Равон Моторс Рус» компанияси 2017 йилнинг 1 октябрдан бошлаб Россия терма жамоаси билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Бу ҳақда Россия футбол иттифоқи расмий сайти хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, икки томонлама ҳамкорлик Россия терма жамоасининг 7 ва 10 октябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Жанубий Корея ва Эрон терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларидан бошланади. Келишувга кўра компания кенг кўламдаги имидж ва реклама ҳуқуқлари, жумладан «RAVON— футбол бўйича Россия терма жамоасининг расмий ҳомийси» номли титулидан ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

«Россия терма жамоаси билан алоқалар ўрнатганимиздан хурсандмиз. Мамлакатнинг бош жамоаси билан кўзда тутилган ҳамкорлик RAVON маркасида автомобилларга бўлган қизиқишни ошишига, бу номдаги бренд спортга қизиқувчи ёшлар ўртасида янада оммалашишига хизмат қилади, деб ишонамиз», деган «Равон Моторс Рус» Бош директори Шароф Ашуров.

Ravon – 2015 йилдан буён General Motors Uzbekistan компаниялари маҳсулотларини Россия бўйлаб таклиф қилаётган янги бренд бўлиб, у Россияда 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида 1 миллиондан ортиқ автомобил сотган Uz-Daewoo брендининг ўрнига ташкил этилган.

Ravon – «Reliable Active Vehicle ON road» атамаларининг қисқартмаси бўлиб таржима қилинганда «йўлда умидли, фаол ҳаракатланувчи автомобил» маъноасини беради. Шунингдек Ravon сўзи ўзбекчадаги асл маъносини сақлаб қолган бўлиб, текис, тўғри маъноларида ҳам келади ва буни йўлга нисбатан текис ва равон йўл маъносида ҳам ишлатиш мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Ravon Россия бозорига тўрт турдаги Ravon R2 (Spark), Ravon Nexia, Ravon R4 (Cobalt) ва Ravon Gentra маркали автомобилларини таклиф қилиб келмоқда.

Мавзуга оид