Туркиянинг Измир шаҳри Алиоға туманидаги HABAŞ металлургия заводида портлаш юз бериб, ёнғин чиқди. Бу ҳақда Milliyet хабар берди.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 11:30 атрофида Чакмакли маҳалласидаги Отатурк кўчасида жойлашган заводда содир бўлди. Портлаш ҳақида хабар келиб тушиши биланоқ ҳодиса жойига ўт ўчириш бўлинмалари ва тез ёрдам бригадалари жўнатилди.
Алиоға туманидаги HABAŞ заводи HABAŞ гуруҳига тегишли пўлат қуйиш корхонаси бўлиб, 1987 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бу тўлиқ циклли мажмуа бўлиб, йилига 4,5 миллион тоннагача суюқ пўлат ишлаб чиқариш қувватига эга. Завод денгиз портидан тахминан 7 км масофада жойлашган.
Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи портлаш оқибатида бир неча киши жабрланганини маълум қилди, бироқ жароҳатланганларнинг аниқ сонини очиқламади. Milliyet нашрининг ёзишича, гап корхона ишчилари ҳақида бормоқда.
Кейинчалик портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 нафарга етгани, яна 13 киши жароҳатлангани, улардан икки нафарининг аҳволи оғирлиги айтилди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши якунлари бўйича халққа мурожаатида маълум қилди.
NTV телеканали берган маълумотга кўра, вайроналар остида одамлар қолмоқда. Қутқарув хизматлари ёнғинни ўчириш ва ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда.








