7 ноябр куни қуролланган жиноятчи Краков марказидаги Бозор майдонида винтовкадан одамларни ўққа тутди. Ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлиб, 15 киши яраланган. Кейинроқ ҳужумчи Михал Оксинскийнинг уйида у томонидан ўлдирилган онаси, отаси ва синглисининг жасадлари топилди. Патрул полициячилар билан отишмада жиддий жароҳат олган Оксинскийнинг ўзи ҳам 9 ноябр тонгида шифохонада вафот этди. Агар патрулчилар фидокорлик кўрсатмаганида, катта эҳтимол билан қурбонлар сони анча кўпроқ бўлган бўларди.
Отишма ҳақида полицияга хабар келиб тушганидан ҳужумчи зарарсизлантирилгунича атиги олти дақиқа ўтган, дея маълум қилди 9 ноябр куни Малополша воеводаси раҳбари Кшиштоф Кленчар. Дастлабки хабардан икки дақиқа ўтиб Муниципал қўриқлаш хизмати ходимлари Бозор майдонига етиб келган, яна бир дақиқа ўтиб полиция патруллари ҳам пайдо бўлган.
Шаҳардаги асосий майдонда ўт очишни бошлаган жиноятчи ўз автомобилида ҳаракатни давом эттирган – у йўл-йўлакай трамвайни ҳам ўққа тутган. У Бозор майдонидан тахминан бир километр масофадаги чорраҳада бошқа бир автомобилга урилганида, полициячилар унга етиб олишган – шундан кейин ўртада отишма бошланган.
Ҳужумчини полицияга ишга кирганига кўп бўлмаган ходимлар тўхтатган
Патрул ходимлари – 27 ёшли Артур Моранский ва 24 ёшли Якоб Кулик – эгнида енгил нимча, қўлида фақат тўппонча борлигига қарамай, винтовкага эга жиноятчи билан отишмага киришишган. Ҳолбуки, уларнинг ҳар иккиси ҳам полицияга ишга кирганига икки йилдан кўп бўлмаганди.
Улар ҳужумчини яралашга муваффақ бўлишган, шу билан бирга, ўзлари ҳам жиддий жароҳат олган. Гувоҳлар томонидан олинган видеоёзувда Кулик оғир яраланганига қарамай, ўрнидан туришга ва ҳужумчини тўхтатиш учун бир неча бор ўқ узишга муваффақ бўлганини кўриш мумкин.
Кейинроқ жиноятчининг автомобилидан яна тўртта ўқотар қурол ҳамда кўп миқдордаги ўқ-дорилар топилди. Gazeta Wyborcza нашрининг полициядаги манбаси ҳисоблашича, агар жиноятчи патрул ходимлари томонидан ўз вақтида тўхтатилмаганида, «қурбонлар сони даҳшатли даражада кўп бўлиши мумкин эди». Краков шаҳри расмийлари полициячилар шаҳарнинг фахрий фуқаролари унвони берилишини маълум қилди.
Отишмадан кейинги куни икки полициячи ҳам ўзига келди.









