Жаҳон | 17:10 / 19.10.2017
23850
2 дақиқада ўқилади

Иркутскда Ўзбекистон фуқароларининг ўлимидан сўнг жиноят иши қўзғатилди

Фото: Global Look Press

Россиянинг Иркутск шаҳрида сешанба куни олиб борилган қазилма ишлари давомида тупроқ ўпирилиши туфайли икки ишчи ҳалок бўлгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Интерфакс-Сибирь» Россия Тергов қўмитасининг минтақа бўйича Тергов бошқармаси матбуот хизматига асосан хабар бермоқда.

«Жиноят иши Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 216-моддаси 3-қисми бўйича қўзғатилди (эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган қурилиш ёки бошқа ишларни олиб бориш чоғида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши)», - дея хабар берди матбуот хизмати ходими.

Унинг аниқлик киритишича, фожиа оқибатида икки эркак киши ҳалок бўлди ва бир инсон жароҳатланди.

Вазият билан яхши таниш манбанинг агентликка хабар қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, ўпирилишга қазилма ишларини олиб бориш қоидаларининг қўпол бузилиши сабаб бўлган.

«Улар экскаватор билан хандақни қазишган, бироқ тупроқни чиқариб ташлашмаган, бу эса ўпирилишга сабаб бўлган», - деган манба.

Аввалроқ Россиянинг Иркутскида тўрт метрдан ошиқ чуқурликда хандақнинг қулаши оқибатида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси тупроқ уюми тагида қолгани, улардан бир нафари қутқарилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид