Жамият | 22:40 / 20.10.2017
14659
5 дақиқада ўқилади

Музейларимизга эътибор бериш вақти келмадимикан?

Фото: KUN.UZ

Куни кеча Тошкент шаҳридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият марказида Гилам музейи очилди. Маълум бўлишича, бу йил Боку шаҳридаги дунёда ягона Гилам музейи ташкил қилинганига 50 йил бўлибди. Марказ директори Самир Аббоснинг сўзларига кўра, ҳар йили 5 май куни Озарбойжонда Миллий гилам куни нишонланади. Йиғилганларга Озарбойжон гиламчилигига бағишланган видеофильм намойиш этилди. Унда Озарбойжон  гиламчилик мактаби, Бокудаги Латиф Каримов номидаги Гилам ва халқ амалий санъати музейи ҳақида сўз юритилди, видеотасвирлар намойиш этилди. 

Озарбойжон гиламчилиги тарихи Бронза асрига бориб тақалади. Бугунги кунда жаҳон музейларида сақланаётган гиламлар ўз даврида Озарбойжондан келган сайёҳлар, савдогарлар ва олимлар томонидан олиб келинган. АҚШда Оқ уй ва Давлат департаменти биносида, Лондондаги "Виктория ва Альберт" музейида, Париж ва Будапештдаги "Декоратив санъат", Нью-Йоркдаги "Метрополитен", Санкт-Петербургдаги "Эрмитаж", Истанбулдаги "Тўпқопи", Эрондаги "Боситон", "Гулистон" ва бошқа музейларда Озарбойжон гиламлари намуналарини кўриш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Озарбойжонда музейларга эътибор жуда катта, зеро бу мамлакатга сайёҳларни жалб қилишда муҳим роль ўйнайди. 

Июль ойида Озарбойжонга борганимда Боку шаҳридаги Гилам музейида бўлдим ва у менда жуда катта таассурот қолдирди. Бинонинг қурилишига алоҳида аҳамият қаратилган - у йиғилаётган гилам шаклида бунёд этилган. Уч қаватли бинода Озарбойжон гиламчилигининг энг гўзал ва ноёб намуналари тўпланган. Гиламлар ёйсимон деворларда ўзига хос равишда намойиш этилган. У ерда гиламлардан ташқари хуржунлар, гилам пайпоқлар каби бошқа тўқимачилик намуналари, шунингдек амалий санъат намуналарини томоша қилиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Гилам музейи сўнгги технологияларга асосан жиҳозланган. Деворлардаги "суратлар"да гилам тўқиш сирлари, гиламчилик тарихи, ипларга бўёқ беришга доир видеотасвирлар намойиш этилади. Музейнинг ҳатто поли ҳам эътибордан четда қолмаган, унда Озарбойжон гиламларининг турли сурат ва видеотасвирларини кўриш мумкин. 

Ҳар бир қаватда муайян бир гиламчилик мактаби намоёндаси музей меҳмонлари кўз ўнгида гилам тўқиб, қизиқиш билдирганларга бу борада бажонидил изоҳ беради. 

Бундан ташқари, Гилам музейининг биринчи қаватида турли гиламчалар, шолчалар, жойнамозлар, ипак рўмоллар, турли миллий сувенирлар ва эсдалик совғаларини харид қилиш мумкин бўлади. 

Ўйланиб қолдим... Ўзбекистон гиламлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ бўлса, турфа хил гиламларимизга дунё сайёҳларининг қизиқиши катта бўлса, наҳот бизда шундай Гилам музейини ташкил қилиш мумкин бўлмаса?! Жуда чиройли ва сайёҳлар эътиборини жалб қиладиган ажойиб маскан бўларди, назаримда. Боз устига, гиламчиликка қизиқадиган ёшларнинг сони ҳам ошарди. Бизда ҳам ўзбек гиламчилигини тарғиб қилувчи видеолар намойиш этилса, одамларда қизиқиш уйғотилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Умуман олганда, нафақат гиламчилик, балки ўзбек ҳунармандчилигининг ҳар бир соҳаси ҳақида алоҳида фильмлар ишланса, уларнинг кенг тарғиботи йўлга қўйилса, қандай яхши бўларди! 

Музейларга келадиган бўлсак, мамлакатимиздаги музейлар бироз зерикарлидек, назаримда. Шунинг учун ҳам уларда одам кам. Музейларимизни замонавий технологиялар билан бойитиб, нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳолини ҳам тарих билан таништириш ва қизиқтириш мумкин-ку, ахир. 

Бундан аввал KUN.UZ'да Озарбойжоннинг турли музейлари бўйича мақолалар ва суратлар берилган. 

Замонлараро саёҳат: Гобустон - Озарбойжондаги очиқ осмон остидаги музей (фотожамланма)

Оташгоҳ - Озарбойжондаги мангу олов ибодатхонаси (фотожамланма)

Ичери шеҳер - шаҳар ичидаги шаҳар (фотожамланма)

«Гулханлар мамлакати» бўйлаб саёҳат (фото+видео)

Тўғриси, даставвал "музейга борамиз" дейишганда зерикарли саёҳат бўлса керак деб ўйлагандим, бироқ Озарбойжон музейларига бориб ҳайратга тушдим. Улардан бу борада ўрганадиганларимиз жуда кўп, назаримда.

Диққатимни тортган яна бир жиҳат, ҳар бир музейда меҳмонлар учун ҳам қайғурилган - бир неча тилда сўзловчи гидлар хизматингизга тайёр туради, тик оёқда туриб чарчаганлар учун махсус ўтириш жойлари мавжуд. Ҳатто очиқ осмон остидаги музей ҳисобланган Гобустонда ҳам тоғу тошлар орасидан юриш қийин бўлмаслиги учун махсус йўлаклар яратилган. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм ривожига катта эътибор қаратилаётган экан, ўйлашимча, қайси ҳудудда қайси ҳунармандчилик тури ривожланган бўлса, ўша йўналишда музейлар ташкил қилинса, уларга замонавий технологиялар жалб қилинса, бу сайёҳларда катта таассурот қолдиради ва Ўзбекистонга янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилади. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид