Ўзбекистон | 14:06 / 16.12.2017
26533
2 дақиқада ўқилади

Президент Нукусдаги олий спорт мактабига борди, қатор спортчиларга уй ва машиналар берилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукусда янги қурилган Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби фаолияти билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Спортнинг эркин ва юнон-рум кураши, оғир атлетика, дзюдо, таэквондо, бокс, қиличбозлик, бадиий гимнастика сингари 11 тури билан шуғулланиш имконияти яратилган янги спорт мажмуасини бунёд этиш учун 15 миллиард сўмликка яқин қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган 7 спорт зали, ётоқхона, ошхона, машғулотлар учун сунъий қопламали спорт майдончаларида 700 дан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланиши мумкин. 

Ушбу спорт комплекси юқорида қайд этилган спорт турлари бўйича Қорақалпоғистон терма жамоалари ўқув-йиғин машғулотлари ўтказадиган базага айлантирилади. Ушбу мажмуа ўқув-йиғин машғулотлари учун яратилган имкониятлари бўйича мамлакатда ягона ҳисобланади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент мажмуада машғулотларда иштирок этаётган ёш спортчилар билан мулоқот қилди. 

Авваламбор шундай замонавий спорт иншооти билан сизларни табриклайман, деди президент. Бу масканда спорт билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган. Энди шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак натижаларга эришиш керак.  

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари мажмуада Қорақалпоғистон спорт мураббийларининг малакасини ошириш марказини ташкил этиш, машғулотларни самарали ўтказиш юзасидан топшириқлар берди.  

Шу ерда президент номидан оғир атлетика бўйича нуфузли турнирлар совриндори Рустам Жангабоевга уй, дзюдочи Элёр Машариповга “Malibu” автомобили, қиличбозлик бўйича халқаро турнирлар совриндори Зайнаб Дайибековага “Nexia” машинаси берилди. Машғулотларга қатнашаётган бошқа ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди. 

UzA Matnazarov Otabek
Тайёрлаган UzA Matnazarov Otabek

Мавзуга оид