00:56 / 17.12.2017
12774

Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда

Фото: Pinterest

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи имзоланди. Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Буйруққа биноан Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига қуйидаги айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қоидаларнинг 99-бандининг 1-абзаци қуйидаги абзацлар билан алмаштирилмоқда:

«99. Оддий почта жўнатмаси жўнатувчига почта-касса аппарати квитанцияси ёки квитанция дафтари квитанцияси берилмасдан қабул қилинади, илова ҳужжатларга қўшимча ёзувлар ёзилмасдан жўнатилади ва адресатга тилхатсиз топширилади.

Рўйхатга олинадиган почта жўнатмаси ёки пул ўтказмасини қабул қилишда жўнатувчига почта-касса аппарати квитанцияси ёки квитанция дафтаридан олинадиган квитанция берилади. Квитанция дафтаридан олинадиган квитанция берилганда квитанциянинг орқа тарафига тақвим штемпели изи қўйилади. Рўйхат бўйича юридик ва жисмоний шахслардан қабул қилган почта жўнатмалари ва пул ўтказмаларига битта квитанция берилади. Битта жўнатувчи томонидан жўнатиладиган, бир вақтда бир неча рўйхат бўйича қабул қилинадиган почта жўнатмалари, пул ўтказмаларига битта умумий ёки ҳар бир рўйхатга алоҳида квитанциялар ёзилади».

101-банд қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

«101. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси томонидан ўсимликлар ва ҳайвонлар карантини эълон қилинган жойларда сабзавотлар, мевалар, уруғлар, кўчатлар ва ўсимликлар, гўштдан қилинган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари солинган посилкалар қабул қилинмайди. Бу ҳақда ахборот почта алоқа бўлимларида жойлаштирилади».

103-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи абзац билан тўлдирилмоқда:

«Юридик шахслардан қабул қилинган пул ўтказмалари, олувчининг аризасига биноан олувчининг пластик карточкасига ўтказиб берилиши мумкин».

Қоидалар қуйидаги мазмундаги 1041-банд билан тўлдирилмоқда:

«1041. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида, ҳарбий қисмлар томонидан жўнатиладиган, оғирлиги 20 граммгача бўлган оддий хатлари белгиланган намунадаги махсус маркаланган почта конвертлари жўнатилади».

3-илованинг 3-банд 12-абзаци қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

«Маданий бойликлар бўлган, почта, курьерлик жўнатмаларини жўнатишда, жўнатувчи почта алоқаси объектига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг рухсатномасини тақдим этиши керак, бу рухсатнома почта, курьерлик жўнатмасининг ичига қўйилади».

Top