Ўзбекистон | 08:38 / 29.12.2017
16146
3 дақиқада ўқилади

2018 йилги давлат дастури аҳоли фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади

Фото: KUN.UZ

Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” йилида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади.

Ҳужжат билан президентнинг давлат маслаҳатчиси Отабек Муродов бошчилигида дастур лойиҳасини тайёрлаш бўйича жамловчи ишчи гуруҳи ташкил этилди. Унга 2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишни танқидий таҳлилдан ўтказиш, йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш, жамоатчилик, миллий ва халқаро экспертлар фикрини ўрганиш натижаларини жамлаш вазифаси топширилди.

Дастур лойиҳаси 2018 йилнинг 5 январига қадар тайёр бўлиши керак, сўнг 5-15 январь кунлари лойиҳанинг кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади. Ушбу муҳокама натижалари ва келиб тушган таклифлар таҳлили асосида 20 январь кунига қадар давлат дастурининг якуний лойиҳаси тайёрланади. 

Президент давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида кўрсатма берди: 

- давлат дастури “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган сиёсатнинг мантиқий давомига айланиши лозим;
- дастурда “халқ қонунларнинг ягона манбаси ва муаллифи ҳисобланади”, “мамлакат ҳаётига тааллуқли муҳим қарорлар халқ билан мулоқот, жамоатчилик фикри эътиборга олинган ҳолда қабул қилинади” принципларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар акс этиши керак;
- амалга оширилиши мўлжалланаётган тадбирлар халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот натижаларига асосланган бўлиши, шунингдек аҳолининг кенг қатламини ташвишга солаётган долзарб муаммоларга ечим топишни, ижтимоий ва давлат ҳаётининг барча соҳаларидаги вазиятни тубдан яхшилаш бўйича амалий қадамларни назарда тутиши лозим;
- кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар, биринчи навбатда, одамлар фаровонлигини узоқ келажакда эмас, балки қисқа муддатда яхшилашга ва уларнинг ҳар кунлик ҳаётида акс этишига йўналтирилиши лозим;
- давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янги шароитларда тубдан такомиллаштириш ҳамда кенг ривожлантириш фуқаролар эҳтиёжларини қаноатлантиришни таъминловчи устувор йўналиш бўлиши керак;
- ўсиб бораётган глобал рақобат шароитларида иқтисодий фаровонлик инновацион ривожланиш моделига ўтиш ҳисобидан таъминланиши, ҳаётга инновациялар, янги технологияларни фаол жорий этиш, шунингдек илғор, замонавий фикрловчи, ташаббускор фуқаролар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали амалга ошиши керак;
- ишлаб чиқилаётган тадбирлар аниқ натижага қаратилган бўлиши, аниқ мақсадлар ва амалга ошириш механизмларига эга бўлиши, шунингдек бошқа дастурлар доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар билан ўзаро боғланган бўлиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид