Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. 

Маълумки, давлат раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳукумат аппарати қайта шакллантирилган эди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси ташкил этилганди. 

Йиғилишда мазкур икки комплекснинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди. 

Президент кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси замонавий давлатчилигимизда улкан ўзгариш ясаган тарихий воқеа бўлди. Унда 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни билан бирга мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди, бир қанча қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. 

Бу Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар зиммасига қатор вазифалар юклайди.