Жаҳон | 18:46 / 19.02.2018
13978
2 дақиқада ўқилади

Кремль Донбассда тинчликпарварларни жойлаштириш учун шартини маълум қилди

Фото: Артем Сизов/«Газета.Ru»

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Донбассда тинчликпарварларни жойлаштириш масаласи бўйича бир қарор фақат тан олинмаган республикалар вакиллари билан мулоқот доирасида қабул қилиниши лозим. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

«Бир қарор фақат мулоқот натижасида қабул қилиниши мумкин. Бу ҳолатда эса Москва ва Киев ўртасида мулоқотнинг бўлиши етарли эмас», - дея айтиб ўтди Песков.

Унинг таъкидлашича, бундай масалаларни тан олинмаган Донецк ва Луганск вакиллари билан ҳал қилиш лозим.

«Бундай масалаларга Донбасснинг тан олинмаган республикалари вакиллари позициясидан келиб чиқмаган ҳолда ечим топиш имконсиз. Биз бу ҳақда доимий равишда гапирмоқдамиз. Бироқ, яна бир бор қайтараман, қарор фақат мулоқот доирасида қабул қилиниши керак», - дея қўшимча қилиб ўтди Песков.

Унинг эслатишича, тинчликпарварлик миссияси ғояси Россия президенти Владимир Путинга тегишлидир.

Мавзуга оид