Ҳар қандай давлат ривожланишида ақл, таҳлил ва оддий мантиқ муҳим роль ўйнайди. Агар давлатни тирик организм деб тушунсак, биз билган кўплаб давлатларнинг ривожланишида «мия марказлари» ёки «таҳлил марказлари» (think tanks) муҳим ўрин эгаллаганига гувоҳ бўлиш мумкин. Хўш, Ўзбекистонда таҳлил марказларнинг аҳволи қандай?

Бу мавзуда аввало статистикага мурожаат қилинади: АҚШда жойлашган Пенсильвания университети тадқиқотчилари ҳар йили жаҳонда фаолият юритаётган таҳлил марказларини ўрганади. Шунингдек, улар бир давлатда нечта таҳлил марказлари мавжуд, бундай марказлар нима билан шуғулланиши каби масалаларга тўхталиб ўтади.

Маълумотлар кўра, Ер қитъасида жами 7815 таҳлил марказлари фаолият юритаётган бўлиб, шулардан 26,2 фоизи Европада жойлашган, 25.2 фоизи эса Шимолий Америкада жойлашган. Нисбатан қуйи поғонада, 20,7 фоиз улуш билан Осиё рейтинг «учлиги»ни якунлайди.

Мамлакатлар кесимида таҳлил қилинганда, биринчи бешталикни қўйидаги давлатлар эгалламоқда:
•  Америка Қўшма Штатлари – 1872;
•  Хитой – 512;
•  Буюк Британия – 444;
•  Ҳиндистон – 293;
•  Германия – 225.

Ушбу рейтингда Россия Федерацияси 103 таҳлил маркази билан 9-поғонани эгаллаган.

Пенсильвания университети статистик маълумотига кўра, Ўзбекистонда 12та таҳлил маркази фаолият юритмоқда. Қўшни давлатлар билан солиштирганда, Қозоғистонда - 28, Қирғизистонда – 27 ва Тожикистонда – 7та таҳлил маркази мавжуд, Туркманистон ҳақида эса маълумот мавжуд эмас.

Марказий Осиёда кучли таҳлил марказлари рўйхатида Ўзбекистондан қўйидаги ташкилотлар иштирок этмоқда: Иқтисодий тадқиқотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқот институти ва «Таҳлил» ижтимоий ўрганиш маркази. Таъкидлаш жоизки, Иқтисодий тадқиқотлар маркази Марказий Осиёнинг таҳлилий марказлари рўйхатида 12-ўринни эгаллаб турибди.

Катта ҳисоботда биринчи навбатда озиқ-овқат хавфсизлиги билан шуғулланадиган таҳлил марказлари рўйхати келтирилади. Табиийки, озиқ-овқат саноати ва уни бошқариш жуда муҳим ижтимоий-иқтисодий сиёсат бўғини ҳисобланади. Шундай қилиб, рўйхатнинг биринчи ўрнида АҚШ кўрсатилган, яъни ушбу давлатда 56та таҳлил маркази озиқ-овқат билан боғлиқ барча муаммоларни ўрганишади: экспорт, импорт, талаб, таклиф, ер ва сув ресурслари, чорвачилик, боғдорчилик, иссиқхоналар, сифат кўрсаткичлари, лаборатория ўрганишлари ва ҳоказо.

Шу омил туфайли АҚШда унчалик озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар кўзга ташланмайди, нарх-наво одатда бир текисда сақланади. Афсуски, мазкур рўйхатда Ўзбекистон йўқ, балки шунинг учун ҳам бизда қиш келиши билан картошка муаммоси бошланади ва ушбу фаслда гилос ёки қулупнайни деярли топиб бўлмайди. Бу рўйхатда ҳатто бирон-бир МДҲ давлатини ҳам учратиш қийин.