Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш ва соҳани замонавий техника билан таъминлаш борасидаги ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг 2016 йил 17 ноябрдаги «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизими қайта ташкил этилди.
2017 йилда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва лизинг хизматлари 1,7 марта, механизация хизматлари 2,5 баробар ортди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, сервис хизматини яхшилаш, импортни оптималлаштириш, экспортни кенгайтириш бўйича муайян камчиликлар мавжудлиги, қишлоқ хўжалиги техника билан 85 фоиз таъминлангани, уларнинг маълум қисми эскиргани, уларни ўз вақтида янгилаш чоралари кўрилмагани қаттиқ танқид қилинди. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижросини назорат қилмагани учун Бош вазир ўринбосари - «Ўзагротехсаноатхолдинг» акционерлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажоновга ҳайфсан берилди. Ишда йўл қўйган сусткашликлари учун «Ўзагротехсаноатхолдинг» акционерлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосарлари - «Ўзагросервис» акционерлик жамияти бош директори Р. Ахмедов, «Ўзагролизинг» акционерлик жамияти бош директори Х. Имамов, Вазирлар Маҳкамаси Аҳборот таҳлил департаменти мудири А. Рафиқов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Бугунги кунда тармоқда 172 мингдан ортиқ техникага талаб бўлгани ҳолда, 146 мингта техника мавжуд ёки 26 мингта техника етишмайди.
Фермер хўжаликларининг юқори унумли ҳайдов тракторлари билан таъминланиши 75 фоизни, ғалла ўриш комбайнлари – 86 фоиз, пахта териш машиналари – 28 фоиз, қўшқатор чигит экиш сеялкалари – 60 фоиз, дон экиш сеялкалари билан таъминланиши 25 фоизни ташкил этади. Умуман, етишмайдиган ва эскирган техникани ҳисобга олганда, жами 82 мингта янги қишлоқ хўжалиги техникасига талаб мавжуд.
Дастурга мувофиқ жорий йилда 16 мингта, жумладан, биринчи ярим йилликда 5 минг 800 техникани кредит асосида етказиб бериш белгиланган.

















