Жаҳон | 15:40 / 20.03.2018
11599
2 дақиқада ўқилади

Кремль: АҚШ ва Саудия Арабистони ўзаро муносабати Россиянинг иши эмас

Фото: Global Look Press

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг Вашингтонга ташрифи Саудия-Америка икки томонлама муносабатлари масаласи саналади.

«Саудия шаҳзодасининг Вашингтонга ташрифи – бу Саудия-Америка икки томонлама муносабатлари масаласидир. Биз учинчи давлатларнинг бир бирига бўлган муносабатига ҳурмат билан қараймиз», - дея маълум қилди Песков Саудия Арабистони шаҳзодасининг АҚШда режалаштирилаётган учрашувига изоҳ бериб.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Россия учун Ар-Риёд билан муносабатларни ўрнатиш ва ривожлантириш устувор вазифа бўлиб қолади.

«Ўз навбатида, биз учун Ар-Риёд билан яхши муносабатларни ўрнатиш ҳамда ривожлантириш, Саудия Арабистони подшоҳининг яқинда Россияга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш устувор вазифа бўлиб қолади. Биз бу натижаларни юқори баҳолаймиз», - дея қайд этиб ўтди Песков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг учрашувида гап Яқин Шарқдаги ҳаракатлари учун «Россияни тўлашга мажбурлаш бўйича қўшма усулларни» топиш ҳақида кетиши хабар берилганди.

Мавзуга оид