Исроиллик ҳарбийлар ва Суриядаги уларнинг россиялик ҳамкасблари ўртасида уч йилдан бери амал қилаётган «қайноқ линия» ўз ишининг дастлабки ойларидаёқ Россия самолёти билан боғлиқ жиддий ҳодисанинг олдини олишда ёрдам берган. Бу ҳақда РИА «Новости» Исроил собиқ мудофаа вазири Моше Яалоннинг баёнотига асосан хабар қилмоқда.

«У («қайноқ линия») ҳаётларни қутқармоқда, чунки ўзаро тушунмовчиликдан қочишга имкон беряпти. Россия иштирокининг энг аввалида россиялик бир учувчи Голан баландликларидаги бизнинг чегарамизни кесиб ўтишига бир бахя қолганди. Агарда бу Сурия самолёти бўлганида, уни уриб туширардик. Бироқ, биз бу руслар эканини тушундик ва «Хмеймим»даги Россия авиабазаси билан алоқа учун «қайноқ линия»дан фойдаландик: «Сизнинг самолётингиз бизнинг ҳаво ҳудудимизга киришга жуда яқин келди. Эҳтиёт бўлинг!», - дея ёдга олган Яалон.

Унинг сўзларига кўра, «масала зудлик билан ўз ечимини топган».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилда энди бош вазир ва мудофаа вазири уруш эълон қилиш ваколатига эга экани хабар қилинганди.