Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи муштарийларимизнинг биридан қуйидаги мазмундаги шикоят таҳририятимиз почтасига келиб тушди:
«Самарқандда банкларда пластикдаги пулларни нақдлаштириш жуда катта муаммо бўлиб қолган. Мен ўзим бюджет корхонасида ишлайман. Ойлигимни 100 фоиз пластик картага беришади. Ойлигимни нақд қилиш учун банкка борганимда менга фақат «пул тугади», «банкомат бузуқ, ишламаяпти», дея қайтариб юборишади. Банкларда нақд пул муаммо бўлиб қолган, навбат жуда ҳам катта. Охирига келганда «пул тугади», деб қайтариб юборишади. Бугун «Ҳамкорбанк»ка боришдан олдин қўнғироқ қилдим, «банкомат ишлаяпти, келинг» дейишди, борганимда эса «пул тугади», деб асабни бузишди. Ахир шунча вақт йўқотиб, бориб келиш учун йўлга харажат қилдим-ку?
Муҳтарам президентимизнинг нақд пул бўйича қарорлари уларга тегишли эмасми? Бутун Самарқанд халқи азобда пулини нақд қила олмаяпти. Ушбу масалага ойдинлик киритиб, матбуотда ёритишингизни сўрайман. Фақат, илтимос, исмим сир бўлиб қолсин».
Ушбу мурожаатномада кўрсатилган важни текшириш учун «Ҳамкорбанк»нинг Самарқанд шаҳридаги ҳар икки филиалида бўлдик. Боғишамол филиалида фақат хорижий валюта берувчи банкомат ишламоқда. Сўмни нақд қилиб берувчи банкомат йўқ.
«Ҳамкорбанк»нинг Амир Темур кўчасида жойлашган филиалида эса банкомат ишлаб турибди. 10–12 чоғли фуқародан иборат навбат бор. Пул берилмоқда.
— Марказий банк томонидан битта пластик карточкадан бир кунда 200 минг сўм нақд пул ечиб олиш мумкин. Ягона банкоматимиз эрталаб соат 8:00 дан кечки 21:00 гача ишламоқда. 4 та кассетага 60 миллион сўм кетади. Бир кунда 2–3 марта кассеталар янгиланиб туради. Баъзан, айрим пайтлар, техник носозликлар бўлади: айтайлик, тармоққа уланиш йўқолиб қолади. Банкомат бузилиб қолади, шуларни айтмаса, пулдан узилиш бўлгани йўқ, — дейди АТБ «Ҳамкорбанк» Самарқанд филиали чакана бизнес бўлими бошлиғи Асрор Эгамов.

А.Эгамовнинг бизга билдиришича, айни пайтда банк ичида жойлашган сўм, хорижий валюта ечиб олинса бўладиган банкоматлар, инфо ва пул қабул қилувчи киоскларни банкнинг ташқарисига жойлаштириш, уларнинг суткада 24 соат, ҳафтада 7 кун тинимсиз аҳолига хизмат кўрсатишига имкон яратиш учун ишлар олиб борилмоқда.

Алюминий профилдан ясаладиган мўъжаз павильон камера кузатуви остида бўлади, сутканинг ҳар қандай соатида, ҳар қандай об-ҳавода фаолият кўрсатаверади. Лойиҳа тайёрланган, қурилиш учун ҳаттоки шағал ҳам келтириб тўкилган. Барча тегишли ташкилотлар лойиҳани маъқуллашган, бироқ шаҳар экология бўлими турли ҳужжатлар ва талабларни рўкач қилиб, аҳолига қулайлик яратилиши учун қилинаётган ишнинг олдинга силжишига тўғаноқ бўлмоқда. Қизиқ, банкоматнинг экологияга қай тарзда таъсири бор эканки, соҳа мутасаддилари унинг тезроқ ўрнатилиб, аҳолининг ҳожатини тезроқ чиқаришига тўғаноқ бўлишмоқда?
























