Марказий банк банкоматлардан нақд пул ечиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича банкларга талаб билан чиқди.

Қайд этилишича, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишда банк картасидан маблағ ечилган бўлса-да, банкоматдан нақд пул берилмаган ҳолатлар учрамоқда.

“Айрим ҳолларда хизмат кўрсатувчи амалиёт муваффақиятли якунланганини билдирувчи техник маълумотларга таянса-да, мижозга пул ҳақиқатда берилганини ишончли тасдиқлай олмайди.

Ахборот тизимида амалиётнинг «муваффақиятли» деб қайд этилгани хизмат амалда кўрсатилганининг ўз-ўзидан ва сўзсиз тасдиғи ҳисобланмайди”, дейилади Марказий банк ахборотида.

Регулятор тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари банкоматлар ва бошқа ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қурилмаларидан фойдаланишда техник ва ички назорат, операциялар натижаларини қайд этиш ҳамда зарур маълумотларни сақлаш талабларига риоя қилиш, мижозга аниқланган ҳолатлар ва хулосани шакллантиришда фойдаланилган маълумотлар кўрсатилган жавоб юбориш ҳамда операция лозим даражада бажарилмагани аниқланса, истеъмолчининг бузилган мулкий ҳуқуқларини қонунчиликка мувофиқ тиклаши лозимлигини билдирди.

Таъкидланишича, хизмат кўрсатувчи томонидан мажбурий талабларнинг бузилиши низоли операция ҳолатларини холисона аниқлашга тўсқинлик қилса, бундай қоидабузарлик оқибатларини истеъмолчи зиммасига юклашга йўл қўйилмайди.

“Қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда, Марказий банк томонидан қонунчиликда назарда тутилган назорат таъсири ва жавобгарлик чоралари қўлланилади”, дейилади ахборотда.

Аввалроқ Марказий банкда ўтказилган давра суҳбатида нақд пулни банк картасига киритиш учун ундириладиган комиссиялар муҳокама қилинганди.