Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили Ўзбекистонда Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Чокардиза қабристони ҳудудидаги мажмуани қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган эди.
Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда зиёратчилар учун янги масжид барпо этилди. Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний мақбаралари тўлиқ реконструкция қилинди. Мажмуа таркибида аллома меросини чуқур ўрганишга мўлжалланган илмий марказ, кутубхона ва музей ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев ушбу илм масканларининг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бундай илм ўчоқларини ташкил этишдан мақсадимиз – буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва ёшларимизга етказиш. Бизга бугун бу илм жуда керак. Бу ерда қанча ёшларимиз Мотуридий бобомизнинг минг йил олдин ёзган асарларини ўрганади. У зот минг йил олдин ҳар бир масалани чуқур илм ва аниқ далиллар билан асослаб, одамларни жаҳолатдан огоҳлантирганлар. Ушбу асарларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимизга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Зиёратгоҳнинг кириш қисмида пештоқ, ташриф буюрувчилар учун меҳмонхоналар ва автотураргоҳ барпо этилди. Мажмуа ҳудудига маҳаллий ҳамда юртимиз иқлимига мос хорижий дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Алломалар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари мажмуага келган инсон Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий мероси ва ислом оламидаги ўрни ҳақида тасаввурга эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор. Одамлар бу ерга келиб, нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин, – деди Шавкат Мирзиёев.
















