"Муз юрак", "Ўйинчоқлар тарихи", "Жониворлар шаҳри" "Немони излаб", "Минионлар" каби машҳур мультфильмларни кўрмаган одам кам бўлса керак. Улар нафақат ёш болалар, балки катталарнинг ҳам севимли мультфильмига айланиб улгурган.

Севимли мультфильмларимиз улар суратга олинган мамлакат иқтисодиётига миллиардлаб даромад келтиришидан хабарингиз борми? Келинг, шу ўринда рақамларга мурожаат қиламиз.

"Муз юрак" мультфильми 2013 йилда Walt Disney Animation  Studios томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, унга 150 миллион доллар сармоя киритилган ҳамда 1 миллиард доллардан ортиқ фойда олинган.

"Минионлар" мультфильми 2015 йилда  Illumination Entertainment томонидан суратга олинган бўлиб, унинг ишланишига 74 миллион  сарфланган ҳамда 1 миллиард доллардан зиёд даромад олинган.

"Жониворлар шаҳри» 2016 йилда Walt Disney томонидан суратга олинган. 150 миллион доллар маблағ сарфланган ва у ҳам 1 миллиард доллардан ортиқ даромад олган.

"Немони излаб" мультфильми 2003 йилда Pixar томонидан суратга олинган. Унга 94 миллион доллар маблағ сарфланган ҳамда 940 миллион доллардан зиёд даромад кўрилган.

"Музлик Даври 3" 2009 йилда Blue Sky Studios томонидан суратга олинган, унинг ишланишига 90 миллион доллар маблағ сарфланган, даромади эса 886 миллион доллардан ошган.

Мана шу рақамларнинг ўзиёқ анимацион фильмлар соҳасининг нақадар сердаромад соҳа эканлигини исботлайди.