01:49 / 11.06.2018
6084

Ироқдаги фуқаролик уруши қурбонлари сони 80 фоизга қисқарди

Фото: Sabah File

Ироқда фуқаролик уруши натижасида ҳалок бўлган кишилар сони йил бошидан буён сезиларли равишда қисқарди. DailySabah'да келтирилишича, бунга асосан ИШИД террорчи гуруҳи инқирози сабаб бўлган.

Шу ҳафтада БМТ миссияси ходимлари томонидан Ироққа ёрдам кўрсатиш бўйича тақдим этилган ҳисоб-китобларда 2018 йилнинг илк беш ойида ҳалок бўлганлар сони ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 80 фоизга қисқаргани қайд этилган.

Жумладан, жорий 2018 йил бошидан буён 477 ироқлик ҳалок бўлган бўлса, 2017 йилнинг илк беш ойида уларнинг сони 2014 нафарни ташкил қилган, бу кўрсаткичларнинг бир йилда 76,3 фоизга қисқарганини кўрсатади.

Худди шу даврда жароҳатланганлар сони ҳам 2977 нафардан 939 нафарга камайган ва 68,4 фоизлик пасайишни намойиш этган. 

Фуқароларнинг сиёсий ва диний зўравонлик натижасидаги ўлим кўрсаткичлари илк беш ойда 7708 нафардан 1818 нафарга камайди ва 76,4 фоизни ташкил қилди.

Май ойида Ироқ жуддий талофатларсиз парламент сайловларини ўтказди. Май ойи ўртасида бошланган муқаддас Рамазон ойи шу кунга қадар жиддий ҳодисаларсиз давом этмоқда. Ўтган йилларда эса бу давр ҳалокатли ҳужумларга бой бўлган, дейилади манбада. 

Таъкидлаш жоизки, Ироқ декабрь ойида ИШИД устидан ғалаба қозонилгани ҳақида эълон қилган.

Top