Ўзбекистон | 15:14 / 12.06.2018
71927
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Марғилондаги тикувчилик корхонасига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги «Наримтекс» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тикувчи аёллар билан мулоқотда бўлди.

«Хотин-қизларимизнинг ҳаётга муносиб бўлишида кийиниш маданиятининг ўрни катта. Либоси ўзига ёқса, ярашса, аёл кишининг кайфияти яхши бўлади. Бундай чиройли ва бежирим, миллий менталитетимизга мос кийимлар кийган хотин-қизларнинг дунёқараши ҳам кенг бўлади. Бу йўналишни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки аёлларни рози қилиш давлатимизнинг энг катта сиёсати», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

2008 йилда ташкил этилган мазкур корхона аёллар кийим-кечакларини тикишга ихтисослашган. 2012-2015 йилларда Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинган. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ҳамда тикув машиналари келтириб ўрнатилган. 

«Бугунги кунда бу ерда кўйлак, костюм, камзул, пальто, куртка каби 20 турдан ортиқ маҳсулотнинг 1000га яқин модели ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий фасонларга монанд тайёрланган бу либослар юртимиз хотин-қизларига маъқул бўлмоқда. Бундан ташқари, ўтган йили корхонада 632 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 801 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда», дейилади хабарда.

Президент Германия технологияси асосида дастурлаштирилган декоратор ускунасининг аҳамияти ҳақида тўхталди. Кийимларнинг дизайни ва рангларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

«Хориждан технология олиб келишимиз мумкин. Лекин уни ишлатиш мутахассисга боғлиқ. Шуни яхши тушунингларки, кечаги билим билан бугунги ва эртанги замонни қуролмаймиз. Шунинг учун ҳамиша ўқиш, ўрганиш, дизайнер ва ишчиларнинг малакасини доимий ошириб бориш зарур», деган давлат раҳбари.

Мавзуга оид