Ўзбекистон | 19:00 / 28.06.2018
12585
3 дақиқада ўқилади

Хушхабар: Шаҳрисабз тарихий маркази ЮНЕСКО умумжаҳон мероси рўйхатида қолдирилди

ЮНЕСКО умумжаҳон маданий мерослар комиссияси Шаҳрисабз тарихий марказини рўйхатдан чиқариш масаласини кўриб чиқди. KUN.UZ манбасининг хабар беришича, ушбу масала ижобий ҳал бўлди. 

 Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов

Маълум бўлишича, Ўзбекистонга яна бир йил давомида турли комиссиялар ташриф буюриб, вазиятни назорат қилади. Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО жаҳон мерослари рўйхатида қолдириш нуқтаи назаридан ишлар давом эттирилади. 

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 9 июнь куни “ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни қабул қилган эди. Унга мувофиқ, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда Конвенция ва уни амалга ошириш бўйича амалий қўлланма қоидаларига риоя қилмасдан ва уларнинг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишилмаган ҳолда олиб борилгани унинг бемисл универсал ва умумбашарий қийматига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Натижада, ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг 40-сессияси қарори билан Шаҳрисабз тарихий маркази 2016 йилда Умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатига киритилган.

Мазкур қарор билан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш бўйича Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида республика идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.

Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш ва ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини амалга ошириш бўйича 26 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бундан аввал Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг ЮНЕСКО рўйхатидаги ҳудудлар масаласи бўйича Шаҳрисабз ҳамда Самарқандда бўлиб қайтгани ҳақида хабар берилган эди

Шунингдек, KUN.UZ'да Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Францияга ташрифининг сўнгги кунида ЮНЕСКО бош директор ўринбосари Эрнесто Рамирез билан учрашгани ҳақида маълум қилган эдик. У шунингдек ЮНЕСКО қошидаги қатор мамлакатлар элчилари  билан музокаралар ўтказган эди. 

Мавзуга оид