Ўзбекистон | 10:40 / 24.07.2018
21734
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари марказлари учун замонавий бинолар лойиҳалари тасдиқланди

Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, республика бўйлаб жойлашган 201та Давлат хизматлари марказлари сансалорлик ва коррупция олдини олиш, халқ оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.

Марказлар орқали кўрсатилаётган хизматлар турларининг ортиши марказларга одамлар оқими ортишига олиб келмоқда. Жумладан, 2017 йилда марказларга 1 кунлик аҳоли оқими ўртача 20-40 кишини ташкил этган бўлса, 2018 йил бу кўрсаткич 350-600 нафарга етган.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, янги, замонавий, инновацион, ташриф буюрувчилар учун барча қулайликларни ўзида мужассам этган биноларни барпо этиш замон талабидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–3701-сон қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, биноларни барпо этишда инвесторларга бир қатор қулайликлар ва имтиёзлар тақдим этилмоқда. Хусусан: 

- инвесторларга маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ биноларни ва тегишли инфратузилмани қуриш учун зарур ер участкалари тўғридан-тўғри шартномалар асосида бепул ажратилади;

- инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун биноларига туташ қўшимча ўхшаш объектлар қуриш учун ер участкалари ажратилади;

- инвестор 5 йил муддатга ер солиғи ва мулк солиғи, юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилади;

Бундан ташқари, тижорат банкларига биноларни қуриш учун инвесторларга 5 йиллик имтиёзли давр билан бирга 10 йил муддатга кредитлар бериш тавсия этилган.

Бу борада ҳам Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари мутасаддилари томонидан олиб борилган ишлар, инвесторлар билан учрашувлар натижасида дастлаб Наманган шаҳрида, кейинчалик Қўқонда барпо этилиб, халққа хизмат кўрсатаётган биноларнинг мантиқий давоми сифатида Андижон, Самарқанд, Нукус, Мирзачўл, Термиз ва Тошкент шаҳарларида ҳам Давлат хизматлари марказларининг инновацион биноларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этишга киришилди.

2018 йилнинг охирига қадар халққа хизмат кўрсатувчи 50га яқин замонавий, инновацион бинолар давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид