Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги қолоқликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Жорий йилда инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари дастурлари доирасида барча манбалар ҳисобидан 2 минг 612 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, жами 6 миллиард 850 миллион доллардан зиёд маблағларни ўзлаштириш белгиланган.

Йиғилишда мазкур сармояларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати сустлиги танқид қилинди. 

Бунинг асосий сабабларидан бири тармоқлар ва корхоналар раҳбарларининг масъулиятни ўз зиммасига олишни истамай, маблағларнинг асосий қисмини ўзлаштиришни йил охирига белгилаш амалиётидир. Яна бир сабаб – кредит ресурслари пухта ишланган ва ҳужжатлари тайёр лойиҳалар учун эмас, балки “олдин маблағ олайлик, кейин бир гап бўлар” қабилида жалб қилинган. Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш баҳонаси билан кўп жараёнлар мураккаблаштириб юборилган, ортиқча бюрократик тўсиқлар пайдо бўлган.

Шу каби муаммоларни бартараф этиш, инвестиция лойиҳалари ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида жорий йил 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро молия институтлари ва хорижий мамлакатлар молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар ҳужжатларини тайёрлаш ва бажариш самарадорлигини оширишга оид қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, энди бундай лойиҳалар мутлақо янги тизим асосида амалга оширилади.

Биринчидан, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва ҳокимликлар таклифлари асосида истиқболли лойиҳаларнинг йиғма рўйхати шакллантирилиб, шу асосда Инвестиция қўмитаси томонидан халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш тартиби белгиланди.

Иккинчидан, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилиниб, улар фақат Инвестиция қўмитаси ва Молия вазирлигида бир вақтнинг ўзида экспертиза қилинади. Натижада, аввал мазкур экспертиза учун ўртача 60 кун кетган бўлса, энди 14 кун талаб этилади.

Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш жараёнида шартномалар қиймати аниқ сабабларга кўра 20 фоизгача ошадиган бўлса, тасдиқланган техник иқтисодий асосларга ўзгартириш киритилмайди. Илгари ушбу жараёнлар ҳам камида 3-6 ой вақтни олар эди.