Спорт | 16:25 / 06.08.2018
31084
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Бу лавозимга келишимга бевосита давлат раҳбарининг ҳам ҳиссаси бор»

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Бугун, 6 август куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган аргентиналик мутахассис Эктор Купер иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Мутахассиснинг айтишича, у мураббий сифатида Ўзбекистон термаси мисолида ўзига чақириқни кўргани сабаб бу ерда ишлашга қарор қилган.

«Ўзбекистонга келганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўзбекистон терма жамоаси менда мотивация уйғота олгани учун бу таклифга розилик бердим. Мендан кўп нарсани кутаётганингизни биламан. Кўплаб саволлар ҳам тайёрлаб қўйгансиз. 

Ҳозир биз катта йўлнинг бошида турибмиз, манзилгача секин-аста етиб борамиз. Ҳаммамиз яхшилаб танишиб олиб, биргаликда Ўзбекистон термаси учун энг яхши натижани қайд этишга ҳаракат қиламиз», - дея таъкидлади Эктор Купер.

Аргентиналик мураббий ўзига давлат даражасида аҳамият қаратилаётганини ҳис қилганини ҳам таъкидлади.

«Мени жуда ажойиб тарзда кутиб олишди. Бу ерга келиб, терма жамоа бош мураббийи сифатида ишлай бошлашимга нафақат федерация президенти ва бошқа раҳбарлари, балки бевосита давлат раҳбарининг ҳам ҳиссаси бор, деб ҳисоблайман.

Қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз. Кўзлаган мақсадларимизнинг ҳаммасига бирдан эришиб бўлмайди. Муваффақият вақт талаб қилади. Биринчи навбатда барчамиз битта ғоя атрофида бирлашган жамоани шакллантирамиз.

Мураббий ва футболчилар ўртасида ҳамкорлик чуқур тус олишига ишонаман, бу – энг муҳими», - деди Эктор Купер.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎФА ҳамда мураббий ўртасида имзоланган шартнома тафсилотлари маълум қилинганди.

Мавзуга оид