Спорт | 12:00 / 24.08.2018
8761
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Жиу-житсуда икки ўзбекистонлик чорак финалга чиқди

Бугун, 24 август куни Индонезияда Осиё ўйинларининг олтинчи кунги баҳслари ўтказилмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар бугун спортнинг 10 тури бўйича мусобақаларга киришишган.

Жиу-житсу бўйича Ўзбекистоннинг икки вакили чорак финалга чиқди. 

- 56 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этаётган Достон Рўзиев 1/16 финалда мўғулистонлик Бяандурен Гантумурни 4:0, кейин 1/8 финалда таиландлик Сингчалад Паюнгсакни 6:0 ҳисобида мағлуб этди.

Фото: Анвар Ильясов
Фото: Анвар Ильясов

Шу вазн тоифасидаги Акмал Амиров эса 1/16 финалда ироқлик Муҳаммад Исмоил ал-Машҳадийни 4:0 ҳисобида енгди, 1/8 финалда эса таиландлик Сувижак Кунтонгни 13:4 ҳисобида мағлуб этди.

Фото: Анвар Ильясов
Фото: Анвар Ильясов

- 69 кг вазн тоифасидаги Ҳомиджон Мўминов 1/16 финалда баҳрайнлик Майтам Саббани 5:2 ҳисобида енгганди, аммо у кейинги босқичда қозоғистонлик Нортой Кажековга 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйиб, турнирдаги иштирокини якунлади.

Шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик Асадулло Бозоров иштирокини 1/8 финалда бошлаб, шу босқичда тугатди. У илк жангдаёқ ироқлик Ал Алабд Али Аҳмад Сабоҳга 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Пенчак Силат бўйича -65 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Абдумалик Салимов илк жангида эронлик Муҳаммад Раҳимбалани 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финалга йўл олди. У ярим финал жангини 26 август куни индонезиялик Пратама Иқбол Сандрага қарши ўтказади.

Шу спорт бўйича Ўзбекистоннинг яна бир вакили, -55 кг вазн тоифасидаги Муниса Раббимова эса куннинг иккинчи ярмида баҳсларга киришади. Унинг илк рақиби вьетнамлик Тран Ти Тем бўлади.

Бироз аввалроқ Академик эшкак эшувчилар жамоаси яна бир кумуш медални қўлга киритишганди ва Ўзбекистон ҳисобидаги кумуш медаллар сони 9тага етганди.

Айни вақтда Ўзбекистон умумий рейтингда 4 олтин, 9 кумуш ва 7 бронза медал билан ўнинчи ўринда жойлашган.

Мавзуга оид