Жаҳон | 08:27 / 25.08.2018
9375
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенаторлари Трамп ва Путиннинг ёпиқ учрашувидан материалларни талаб қилишди

Фото: EPA

АҚШ конгрессининг ташқи ишлар қўмитаси аъзолари бўлган демократ-сенаторлар АҚШ давлат департаменти раҳбари Майк Помпеога мактуб билан мурожаат қилиб, АҚШ ва Россия президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг 16 июлдаги учрашуви ҳақидаги батафсил материалларни тақдим қилишни сўрашган. Икки етакчи ўртасида Хельсинкида ўтган учрашув фақатгина таржимонлар иштирокида 2 соатдан кўпроқ давом этган.

Мурожаат муаллифлари Помпеодан бу учрашувга тегишли барча ҳужжатларни, жумладан махфийлаштирилган ва махфийлаштирилмаган ёзувлар, таржимон изоҳлари, бу учрашув билан боғлиқ музокаралар ва директивалар ҳақидаги меморандумларнинг тақдим қилинишини сўрашган. Сенаторларнинг фикрича, Россия ёпиқ эшиклар ортида ўтган ушбу учрашув ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиши мумкин.

Мактубда “вазият зудлик билан  Трампнинг бу учрашувда берган ваъдалари борасида ва ушбу учрашув билан боғлиқ Россия томонидан исталган ёлғон маълумотни англаш ва унга қарши курашиш учун сенат назоратини талаб қилиши” кўрсатилган.

Маълум қилинишича, Трамп АҚШ конгрессида демократлар ва республикачилар етакчилари томонидан танқидга учраган. Демократлар ҳаттоки учрашувда иштирок этган таржимонни сенатга сўроқ қилиш учун чақиришни талаб қилишган. Бироқ республикачилар бу фикрни рад этишган.
 
Трамп ва Путин ўртасидаги учрашувнинг биринчи қисми икки етакчи ва уларнинг таржимонлари иштирокидагина ўтган. Унда президентлар Украина, Суриядаги вазиятларни ва Россия-АҚШ муносабатларини муҳокама қилишган. Суҳбат мазмуни ошкор қилинмаган.

Мавзуга оид