Ўзбекистон | 16:25 / 12.09.2018
19059
4 дақиқада ўқилади

Ҳукуматнинг Норин тумани бўйича қарори қабул қилинди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Норин туманида саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларни уйма-уй айланиб чиқиш, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюриш орқали Норин туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар комплекс ўрганиб чиқилган.

Наманган вилоятининг Норин туманида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини комплекс ўрганиш якунлари бўйича маҳалла, туман ва вилоят даражасида ҳал этилиши талаб қилинадиган тизимли муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган минтақавий “йўл харита”лари ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган.

2018-2019 йилларда Наманган вилоятининг Норин туманида кафолатли иш ўринлари ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Наманган вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрларининг сўзсиз бажарилишини таъминласин ҳамда бу борада инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда, лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.

Наманган вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва хизмат кўрсатувчи банклар билан келишган ҳолда, лойиҳаларнинг қийматини ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан лойиҳаларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига, заруратга кўра, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида 2,2 минг квадрат метр майдонда жойлашган бино ва иншоотлардан фойдаланган ҳолда “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси ва “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказини масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этади ҳамда мазкур объектларни қуриш ва қайта таъмирлашда давлат-хусусий шерикчилиги асосида инвесторларни жалб этсин ҳамда 2019 йил якунига қадар фойдаланишга топширади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Адлия вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг ҳар чоракда маънавият ва маърифат ойлиги тадбирларини 2019 йилдан бошлаб ўтказиш таклифига розилик берилди. Бунда:

ҳуқуқий маданиятни ошириш, жамоатчилик орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш;

ёшлар ўртасида эрта оила қуриш ва ажралишлар муаммолари юзасидан оилалар ва жамоатчилик ўртасида ташвиқот ишларини олиб бориш;

спорт ва жисмоний маданият орқали соғлом турмуш тарзини жамоатчилик ўртасида кенг миқёсда тарғиб қилиш;

ёшлар ўртасида “гуруҳбозлик”ка салбий муносабатни шакллантириш, кексаларни эъзозлаш, ёшларни миллий анъаналарга нисбатан ҳурматда бўлиш руҳида тарбиялаш, ёт ғоялардан, душманлик фикрларидан ҳимоя қилиш, ўтмишдаги авлодларимизнинг миллий анъаналарига ҳурмат ва ғурурланиш кайфиятини уйғотиш масалаларини инобатга олиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Наманган вилояти ҳудудида жойлашган маданий ва археологик мерос объектлари ҳолатини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, белгиланган тартибда рўйхатга олиш, улардан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш чораларини кўради.

Мавзуга оид