Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сон қарори билан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига жойлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига жойлаштирилади. Марказларда уларга ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилиши назарда тутилган.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар дастлаб етти календарь кун ичида ўрганилади. Ўрганиш натижаси бўйича уларни муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топиш ёки рад этиш тўғрисида хулоса расмийлаштирилади.
Шахснинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, унга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, марказнинг ижтимоий ходимлари «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда шахсни ижтимоийлаштириш ва унинг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашади.
Марказга қабул қилинган шахслар заруратга қараб тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар уларда шошилинч тиббий ёрдам талаб қиладиган ҳолат аниқланса, тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилади. Юқумли касалликларга гумон қилинган ҳолларда эса шахс тегишли тиббиёт муассасасига юборилади.
Шунингдек, шахснинг Ф.И.Ш., туғилган санаси, доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва бошқа маълумотлари аниқланади. Шахсни идентификация қилиш замонавий воситалар, жумладан Face-ID, дактилоскопия ва биометрик маълумотлар орқали амалга оширилиши мумкин.
Марказда қолиш муддати шахснинг ҳолати ва ижтимоийлаштириш жараёнига қараб белгиланади. Ҳужжатда айрим тоифадаги шахсларни оиласига қайтариш, тиббиёт ёки ижтимоий муассасаларга жойлаштириш, иш билан таъминлаш ва касбга ўқитиш чораларини кўриш ҳам назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрга қадар марказларнинг ички тартиб-қоидалари тасдиқланиши, ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиши ва марказлар замонавий компьютер ҳамда интернет алоқаси билан таъминланиши белгиланган.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрга қадар марказлар раҳбарлари ва барча ходимларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоийлаштириш ҳамда уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича малакасини ошириш кўзда тутилган. 2027 йил 1 июлга қадар эса марказларнинг санитария ва қурилиш меъёрларига мувофиқлиги хатловдан ўтказилиши белгиланган.
Бундан ташқари, 2026 йил 7 сентябрдан бошлаб муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни марказга жойлаштириш, уларни муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб эътироф этиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида алоҳида ахборот модулини ишга тушириш белгиланган.









