2027 йил 1 январдан бошлаб аҳолига товар ва хизматларни бўлиб тўлаш шарти билан сотиш тизимида янги қоидалар кучга киради. Хусусан, насия савдо фақат 12 ойгача бўлган муддатга берилади. Харид қилинаётган нарсанинг нархи эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаслиги керак. Истеъмолчига муддатли тўловни исталган вақтда қўшимча жарималар, пеня ва комиссияларсиз тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин узиш ҳуқуқи берилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб аҳолига товар ва хизматларни бўлиб тўлаш шарти билан сотиш тизимида янги қоидалар кучга киради. Бу бўйича «Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Хусусан, насия савдо фақат 12 ойгача бўлган муддатга берилади. Харид қилинаётган нарсанинг нархи эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаслиги керак. 1 сентябрдан бошлаб бу чегаранинг максимал миқдори 110 млн сўмни ташкил этади. Кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмас.

Қарор билан муддатли тўлов шартномаларига қўйиладиган талаблар ҳам белгиланяпти. Истеъмолчига муддатли тўловни исталган вақтда қўшимча жарималар, пеня ва комиссияларсиз тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин узиш ҳуқуқи берилади. Масалан, 5 млн сўмлик телефон 12 ойлик муддатга бўлиб тўлашга харид қилинганда, якуний нарх 6 млн сўмни ташкил этади, деб олайлик. Бунда ҳар ойлик тўлов 500 минг сўм бўлади. Харидор 3 ой давомида шунча суммадан ойлик тўловларни амалга оширди, қолган миқдорни эса биттада тўлаб юбормоқчи. Айни пайтдаги тартибга кўра сотувчи ундан қолган 9 ой учун ҳам муддатли тўлов комиссияси ҳисобланган миқдор — 4,5 млн сўмни талаб қилади. Янги қоидаларга кўра эса, харидор қолган давр учун 3 млн 750 минг сўм тўлайди ва телефоннинг якуний нархи унга 5 млн 250 минг сўмга тушади. Бунда фақат дастлабки 3 ой учун ойига 83 минг сўмдан қўшимча тўлов ундирилган бўлади.

Шунингдек, барча тўловларнинг умумий миқдори — воситачилик мукофотлари, жарималар, пенялар ва бошқа жавобгарлик чораларини ўз ичига олган ҳолда йилига муддатли тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак. Масалан, 10 млн сўм қарзингиз бўлса, жарималар қанча кўпаймасин, 5 млн сўмдан ошиб кетишига қонунан йўл қўйилмайди.

Дўконлар товарни муддатли тўловга бераётганда устама пули қанча эканлигини ва товарнинг якуний нархи қанчага тушишини шартномада алоҳида, аниқ қилиб кўрсатиши шарт.

Ўз навбатида, товар истеъмол кредитларини берувчи ташкилотлар БҲМнинг 3 бараваригача бўлган шартномалар ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кредит бюроларига юбориши мажбурий бўлмайди.

Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолияти жорий этилади. Бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи компания Марказий банк томонидан шакллантириладиган махсус реестрга киритилганидан кейин вужудга келади. Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса регуляторда ҳисоб-китоб рўйхатидан ўтгандан сўнг реестрга киритилади.

Қарорга кўра, муддатли тўлов хизматлари операторлари ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

  • тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича Марказий банкнинг пруденциал нормативлари ва талабларига риоя қилиш;
  • муддатли тўлов хизматларини кўрсатишда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда мижозларни рақамли идентификация ва верификация қилишни амалга ошириш;
  • тузиладиган барча муддатли тўлов шартномалари ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар бўйича кредит бюролари билан кредит ахбороти алмашинувини йўлга қўйиш;
  • муддатли тўлов ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишда Марказий банк томонидан белгиланган максимал қарз юки кўрсаткичига риоя қилиш.

Бундан ташқари, товар истеъмол кредитларини ажратувчи, чорак якунлари бўйича товарлар, ишлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган айланмаси 500 млн сўмдан ошадиган ҳамда муддатли тўлов хизматлари улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳисоб-китоб рўйхатидан ўтишлари, реестрга киришлари ва муддатли тўлов операторлари учун белгиланган талабларга риоя қилишлари шарт бўлади.