ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлашда гумонланаётганларнинг интервьюси ўтакетган даражадаги таҳқирлашдир. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг вакили маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
«Уларнинг давлат ҳомийлик қиладиган ОАВга берган интервьюсидаги ёлғон ва уйдирма махсус хизматлар учун ҳақоратдир. Бунинг устига, бу мазкур даҳшатли ҳужум қурбонлари ва уларнинг яқинлари учун ўтакетган даражадаги таҳқирлаш», — дейилади хабарда.
Мэйнинг вакили, шунингдек, Британия томони бундан бошқа нарсани кутмаганлигини ҳам билдирди.
«Полиция бу икки эркакнинг айбдор эканлигини исботловчи далилларни аниқ-равшан тақдим этди. Улар қидирилмоқда ва биз улар агарда ҳаттоки бир оёғи билан Россияни тарк этганидаёқ Британия одил суди олдида бўлишлари учун барча чораларни кўрдик», — деди у.
13 сентябрь куни Лондон томонидан Солсберида кимёвий қурол ёрдамида ҳужум қилишда айбланаётган россияликлар RT телеканалига интервью беришди. Улар Скрипаль яшаган Солсбери шаҳрига дўстларининг маслаҳати билан ҳамда сайёҳ сифатида боришганини таъкидлашди.
Британия томони бу интервьюни ёлғон ва ахборот чалкаштириш деб атади.
5 сентябрь куни Москва ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлашда расман айбланди. Ўша куни Скрипални заҳарлашда гумонланаётганларнинг исм-шарифлари айтилди. Лондоннинг маълумот беришича, улар Британияга Александр Петров ва Руслан Боширов исмларига олинган паспортлар билан киришган.
Лондон Скрипалларни заҳарлашда гумонланаётганларнинг интервьюсини таҳқирлаш деб атади
03:58 / 14.09.20189 2332 мин















