Буюк Британия Украинага ўзининг янги Stone Cloak радиоэлектрон кураш (РЭК) тизимига тегишли интеллектуал мулк ҳуқуқларини топширади. Британия ОАВнинг 26 июл куни мамлакат бош вазири Энди Бёрнем баёнотига таяниб хабар беришича, бу қарор Украинага ушбу тизимларни катта ҳажмда мустақил ишлаб чиқариш имконини беради.

Бёрнем Stone Cloakʼни Буюк Британиянинг энг илғор миллий ишланмаларидан бири деб атаган ва тизим фронт шароитида синовдан ўтганини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур технология Буюк Британия ва Украина хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Британия бош вазири Лондон Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам билдирган. У Россия Буюк Британиянинг бу борадаги қатъиятига шубҳа қилмаслиги кераклигини айтиб, Украина учун «барқарор ва адолатли тинчлик»ка эришилмагунча Лондон ўз позициясидан қайтмаслигини таъкидлаган.

Stone Cloak нима?

Stone Cloak — ўлчами тахминан ноутбукдек бўлган радиоэлектрон кураш қурилмаси. Буюк Британия аввал ҳам Украинага бундай тизимларни минглаб дона етказиб берган.

Хабарда қайд этилишича, Stone Cloak тизимлари Украина дронларининг Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан аниқланишини қийинлаштириш мақсадида қўлланади.

Лондон келгусида мазкур технологиядан Буюк Британиянинг янги узоқ масофали қуролларида ҳам фойдаланишни режалаштирмоқда. Жумладан, Stone Cloak арзон қанотли ракеталар яратишга қаратилган Brakestop лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилаётган қуролларга интеграция қилиниши кўзда тутилган.

Зеленский Бёрнемнинг илк хорижий меҳмони бўлади

27 июл, душанба куни Энди Бёрнем Украина президенти Володимир Зеленскийни қабул қилиши режалаштирилган. Хабарга кўра, Зеленский Бёрнем Буюк Британия бош вазири лавозимига киришганидан кейин у қабул қиладиган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлади.

Бёрнемнинг таъкидлашича, Зеленскийнинг ташрифи Лондоннинг Киевни қўллаб-қувватлаши «қатъий» эканини яна бир бор намоён этади.

Ташриф давомида икки сиёсатчи украиналик ҳарбийлар тайёргарликдан ўтаётган ҳарбий-денгиз базасига бориши кутилмоқда.

У ерда Бёрнем ва Зеленский Sea Breeze машғулотларида қатнашган Украина ва Буюк Британия ҳарбий хизматчилари билан учрашади. Ушбу қўшма машғулотларда 15 давлат вакиллари иштирок этган бўлиб, улар Қора денгизда миналарни зарарсизлантириш ва бошқа денгиз операцияларини амалга ошириш бўйича тайёргарликдан ўтган.