Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, мактаб-интернатга ҳар йили умумтаълим мактабининг 4-синфини тамомлаганлиги тўғрисида баҳолар (ўзлаштириш) табелига эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, спортга қобилияти энг иқтидорли, олимпия ва миллий спорт турлари, шу жумладан спортнинг ўйин турлари (спортнинг футбол туридан ташқари) бўйича синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодлар танлов натижалари асосида қабул қилинади.
Мактаб-интернатда ўқиш муддати 7 йил ва ўқувчилар умумий контингенти 350 нафар бўлиб, спортга қобилияти энг иқтидорли 25-30 нафар (25 нафардан кам бўлмаслиги лозим) ўқувчилар танлов натижалари асосида ҳар йили 5-синфга (ўқувчиларнинг 50 фоизи спортнинг олимпия ва миллий турларига кирадиган спорт якка кураш турлари бўйича, қолган 50 фоизи спортнинг олимпия турларига кирадиган ўйин турлари бўйича (спортнинг футбол туридан ташқари) қабул қилинади.
Ота-оналар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) ўқувчининг ота-онаси номидан мактаб-интернат директори номига ушбу мактаб-интернатга ўқувчини қабул қилиш ҳақидаги ариза;
б) ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (ҳужжатни топшириш вақтида ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади);
в) ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели нусхаси (ҳужжатларни топшириш унинг асл нусхаси кўрсатилади);
г) 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома ҳамда ўқувчининг умуртқаси рентген тасвири;
д) ўқувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар мавжуд бўлса;
е) ўқувчининг 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурати;
ж) ўқувчининг спорт паспорти нусхаси, агар мавжуд бўлса (ҳужжатларни топшириш вақтида унинг асл нусхаси кўрсатилади);
з) ўқувчининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома;
и) ўқувчининг психологик-педагогик диагностика дафтари (умумтаълим муассасаси психологи ёки директор ва синф раҳбари томонидан берилган тавсифнома).
Ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 8 августгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.
Мактаб-интернат ҳудудида танловдан олдинги ўқув-машқ йиғинларида иштирок этган ўқувчилар орасидан спортга қобилияти энг иқтидорли, спорт турлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарликка эга ўқувчиларни аниқлаш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.











