Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 561-сон қарори билан мазкур реестрларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.

Қарорга кўра, нодавлат спорт ташкилотлари реестри ахборот тизими орқали юритилади. Ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади.

Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Маълумотлар тўлиқ тақдим этилса, ваколатли орган қарори билан ташкилот реестрга киритилади. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланса, уч иш куни ичида рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Нодавлат спорт ташкилоти ўз хоҳиши билан мурожаат қилса, фаолияти белгиланган тартибда тугатилса ёки штатида малакали тренер бўлмаса, реестрдан чиқарилади. Шунингдек, реестрга киритилганидан кейин уч ой ичида спортчилар ва тренерлар ҳақидаги маълумотларни киритмаслик ҳам реестрдан чиқаришга асос бўлади.

Спорт иншоотларини реестрга киритиш учун уларнинг мулкдори ёки балансда сақловчиси ахборот тизими орқали ариза беради.

Иншоотнинг фаолият тури спортдан бошқа йўналишга ўзгартирилса, у фойдаланишга яроқсиз деб топилса ёки мулкдор ариза билан мурожаат қилса, объект реестрдан чиқарилади.

Қарорда спорт ташкилотлари спортчиларига расмий мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқи берилиши ҳам назарда тутилган.