Ҳукумат қарори билан “Маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган ҳолда ўзини ўзи банд қилган тренерларни спорт мактабига бириктириш ҳамда уларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган ҳолда ўзини ўзи банд қилган тренерлар ихтиёрий равишда ҳар йили 20 августга қадар спорт мактабларига ариза билан мурожаат қилади.
Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
маҳаллада ташкил этган спорт тўгарагининг манзили, спорт иншоотининг майдони ва сиғими;
спорт тўгарагидаги мавжуд спорт турлари (тармоқлари);
спорт тўгарагида шуғулланувчи спортчилар тўғрисида маълумотлар;
тренерлик фаолияти бўйича малака оширганлик ҳақидаги сертификат.
Спорт мактаби ариза келиб тушгандан сўнг 5 иш куни ичида аризани ўрганиб чиқиб, тренерларни спорт мактабига бириктиради.
Бунда ҳар бир туман (шаҳар)даги спорт мактаби кўпи билан 5 нафаргача тренерни бириктириш ҳуқуқига эга.
Тренерлар қуйидаги ижтимоий буюртмани бажариш шарти билан спорт мактаби тренери учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорида ҳар ой рағбатлантириб борилади:
ваколатли орган томонидан белгиланган миқдор ва меъёрлар асосида спортчиларни тайёрлаш;
“ERP sport” тизимида спортчиларни рўйхатдан ўтказиш;
спортчиларнинг кунлик давоматини “Fасе ID” тизими орқали электрон равишда доимий киритиб бориш.











