Жамият | 15:11 / 21.09.2018
5581
2 дақиқада ўқилади

«Автомобилсиз кун» акцияси: мақсад экология софлигини ва йўллардаги хавфсизликни ошириш

Маълумотларга қараганда жаҳон бўйлаб бир йилда 2 миллиондан зиёд киши йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этар экан. Ачинарлиси, йўллардаги автоҳалокатлар туфайли турли даражадаги тан жароҳати оладиганларнинг сони бундан-да кўпроқ.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтган йили Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 539 тани ташкил этиб, 179 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қолаверса атроф-муҳитнинг тозалигига ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистонда ҳар ойнинг бир куни «Автомобилсиз кун» сифатида эълон қилинди.

Энди ҳар ойнинг учинчи жумасида юртимиз бўйлаб ана шундай тадбирлар ташкиллаштирилади. 21 сентябрь куни мазкур тадбир илк марта юртимиз бўйлаб ташкиллаштирилмоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ «Автомобилсиз кун» акцияси юзасидан видеоролик тайёрлади. Ундан қўшимча маълумотлар билан биргаликда, вилоят ЙҲХБ бошлиғи полковник Абдунаби Носировнинг йўл ҳаракати иштирокчиларига мурожаати ҳам ўрин олган.

«Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги биргина Амир Темур кўчасида суткасига 60 мингдан зиёд автомобиллар ҳаракатланади. Самарқандда бундай кўчалар кўплиги инобатга олинса, автомобиллар ҳаракати туфайли атмосферага зарарли ис гази қанча чиқаётганини тахмин қилиш қийин эмас.

Фуқаролар «Автомобилсиз кун» акциясида фаол иштирок этиб, ҳафтанинг ҳар жума куни жамоат транспортида, велосипедда ёки пиёда юрса, ён-атрофга катта фойда келтирган бўлишади», дейилади Абдунаби Носировнинг мурожаатномасида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид