Жамият | 17:44 / 28.09.2018
13920
2 дақиқада ўқилади

Россиядан Ўзбекистонга одам савдоси билан шуғулланган шахс экстрадиция қилинади

Фото: KUN.UZ

Тюмен областининг экстрадицион текшируви материаллари асосида Россия Федерацияси Бош прокуратураси Ўзбекистонга ўз ватандошларини ишга ёллаган шахсни топшириш ҳақидаги қарорга келди. Бу ҳақда прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик ҳамкасбларининг жиноят содир этгани учун давлатлараро қидирувда бўлган фуқарони топшириш ҳақидаги мурожаатини қаноатлантирган.

Аниқланишича, 2013 йилнинг январь ойи бошларида эркак ўзбекистонлик уч фуқарога Россияда ишга жойлаштириш таклифи билан чиқиб, юқори маош, иш берувчи ҳисобидан яшаш учун жой ва овқат берилишини ваъда қилган.

Шундан сўнг у фуқароларни Тюмен областининг Тобольскига олиб бориб, паспортларини олиб қўйган ва 2013 йилнинг 31 январидан 30 мартига қадар турли қурилиш объектларида ишлатган. У фуқароларга жами 270 минг рубль (17,5 млн сўм) миқдоридаги маошларини бермаган.

2013 йилнинг июнида Ўзбекистонда жабрланувчиларнинг аризаси билан ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ушбу моддада 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш назарда тутилган. Ўша йилнинг июлида жиноятчи қидирувга берилди, унга сиртдан айблов қўйилди.

«2018 йилнинг мартида ўзбекистонлик шахс Тобольскда полиция ходимлари томонидан аниқланди. Ҳужжатларни текшириш жараёнида у қидирувда экани аён бўлди. Суд қарорига кўра у қамоққа олинди. Тюмен области прокуратураси унга нисбатан экстрадицион текширувни ўтказиб, материаллар РФ Бош прокуратурасига юборилди. Россия Бош прокуратураси уни Ўзбекистон Республикасининг тегишли органларига топшириш ҳақидаги қарорга келди», - дейилади прокуратура хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид