Сэр. Бугун 81 ёшини қарши олаётган Бобби Чарльтон ҳақида
Жаҳон футболи энциклопедиясида Бобби Чарльтон ҳақида қуйидаги сўзлар ёзилган:
«У - энг машҳур инглиз футболчиси. Унинг исми инглиз футболидаги энг буюк воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Чарльтон номи спортдаги ҳалоллик, майдонда ўзини тутиш ва жентельменликнинг синонимига айланган».
Халқаро футбол статистикаси аcсоциацияси уни футбол тарихидаги энг яхши футболчилар ўнлиги рўйхатига киритганди.
Футболчилик қобилияти унга тоғаларидан ўтганди. Онасининг уч акаси «Лидс» футболчилари бўлишган, яна бир қариндоши эса афсонавий Жекки Милбурн эди.
«Баъзида Милбурн бизни «Ньюкасл» ўйинларига олиб борарди. У бизни қўлида етаклаб туннелдан олиб чиқарди ва мураббийлар ўриндиғига кузатиб қўярди. Ўзимизни гўёки катта одамдек ҳис қилардик Бобби иккаламиз», дея ҳикоя қилади Боббининг акаси Жеки (у ҳам футболчи бўлган).
Унинг футболга кириб келиши қийин бўлмади. Ньюкасл яқинидаги Эшингтон шаҳарчасида туғилган Боббининг таланти ўсмирлик даврларидаёқ кўпчиликнинг эътиборини қозониб улгурганди. 16 ёшли Бобби биратўла 20та клуб селекционерларининг назарига тушганди. Дастлаб у иккиланди, аммо «МЮ»нинг ашаддий ишқибози бўлган жисмоний тарбия ўқитувчисининг таъсири остида «манкунианликлар»нинг қизил либосини кийишга қарор қилди.
Унинг фаолияти бошланиши ажойиб даврга тўғри келди. Буюк мураббий Мэтт Басби ёш футболчилардан ажойиб таркиб тузди ва бу жамоа Англия чемпионатига ўзгача об-ҳаво олиб кирганди. Боббининг дебюти 1956 йилга тўғри келади ва ҳар икки оёқда кучли зарба бера оладиган, ажойиб техника соҳиби бўлган чап қанот ҳужумчисига жамоа ансамблида муносиб жой топилди.
Басби ажойиб жамоа тузганди. У селекционерлар билан биргаликда Британиянинг турли бурчакларига борар ва ўз жамоаси учун жавоҳирларни изларди. «Басби болалари» (уларга шундай ном беришганди, айнан шунга тақлидан кейинчалик «МЮ»нинг 90-йиллардаги буюк таркиби «Ферги болалари» деб аталганди) Англияда кетма-кет ғалабалар қозона бошлашди. Қатъий ва ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, мағлубият нима билмайдиган ёш футболчилар йўлларида учраган кубокни қўлга киритиб кетаверадиган жамоага айланиб боришаётганди. Икки йил кетма-кет мамлакат чемпионлиги қўлга киритилди, кубок финалида ўйнашди.
Клубнинг навбатдаги мақсади албатта Европа Чемпионлари кубоги эди. Аммо... Ҳар қандай вазифани уддалашда ҳеч қандай тўсқинликни тан олмайдиган йигитлар учун тақдирнинг улкан синови тайёрлаб қўйилганди.
1958 йилнинг 6 феврали. «Басби болалари» Белграддан хурсандчилик билан қайтишаётганди. «Црвена Звезда»га қарши учрашувда улар 0:3 ҳисобини 3:3га айлантира олишган ва турнирнинг ярим финалига йўлланма қўлга киритишганди. Бобби Чарльтон иккита гол уриб, ғалабага ўз ҳиссасини қўшганди. Мюнхенда ёқилғи қуйиш учун қўнган самолёт ҳавога кўтарилишда қийинчиликка дуч келади. Қорли бўрон бошланганди ва учувчининг учинчи уриниши фожиа билан якунланади. Клубнинг 8 футболчиси ҳалокат жойида вафот этади.
Жамоа ва Англия футболида энг умидли футболчи сифатида эътироф этилган, 17 ёшида терма жамоа либосини кийган Данкан Эдвардс орадан икки ҳафта ўтиб, шифохонада ҳаёт билан фидолашади. Бобби эса тирик қолади. Ўриндиғи билан биргаликда самолётдан эллик метр узоқликка учиб кетган қаҳрамонимизнинг бирор жойи ҳатто тирналмаганди.
У энди бошқа инсонга айланганди. 21 ёшли футболчининг елкасида катта юк бор эди энди. Фожиа натижасида ўлим топган шерикларининг хотираси учун ўйнаши лозим эди. Энди у оддий қанот ҳужумчиси эмас, жамоа етакчисига айланади. Эдвардснинг ҳам ўрнини босиши керак эди буёғига. У руҳан кучли футболчи ва инсонга айланди. У жамоа сардор этиб тайинланади ва тирик қолган футболчилар Европа Чемпионлар кубогини қўлга киритишни, ғалабани марҳум дўстлари хотирасига бағишлашни ният қилишди. Улар биргаликда қасам ичишди.
Албатта дастлабки йиллар қийин бўлди. Сезиларли кучсизланган жамоа «Милан»га имкониятни бой берди, ўша мавсумда кубок финали ва чемпионат бой берилди. Аммо жамоа ўзининг йўлини танлаб бўлганди ва уларни ҳеч нарса тўхтата олмасди.
1968 йилги футбол мавсуми Бобби ва «МЮ» учун омадли келди. Клуб Европа Чемпионлар лигаси финалида «Бенфика»га қарши ўйнашди. Ўйин 4:1 ҳисобида инглизларнинг ғалабаси билан якунланди, Чарльтон Эйсебиони мағлуб этди.
Ўйин тугугач, майдон марказида уч киши бир-бирларининг қўлларини ушлаб, кўзларини юмиб туришарди. Уларнинг кўзларидан ёш оқарди. «МЮ»нинг ўйинларини узоқ вақт кузатиб келган ҳар қандай мухлис бу ҳолатдан таъсирланмай қолмасди. Бу уч киши – Мэтт Басби, Билл Фоулкс ва Бобби Чарльтон эди.
Топдингиз, бу уч киши Мюнхен фожиасидан тирик қолганди ва катта эҳтимол уларни кўз олдиларига келтиришаётганди. Ўзаро ичилган қасамни бажарганликларидан шод эдилар. Бу кубокда ўша тўққиз футболчининг улуши борлигини ўйлаётгандилар. Бу кубок аслида ҳеч нарса эмаслигини, айни пайтда эса ҳамма нарса эканлигини ҳис қилиб тургандилар. «Уэмбли»ни тўлдириб ўтирган 98 000 футбол мухлиси ҳам ўрнидан турди ва бир-бирининг қўлларидан тутди.
Бу ҳолат хотира ва миннатдорчиликнинг бир пайтдаги кўриниши эди.
«Қасам амалга оширилди. Биз фожиавий ўлим топган дўстларимизга берган сўзимизнинг устидан чиқа олдик. Бу ҳаётимдаги энг муҳим ғалаба бўлиб қолади», деганди кейинчалик Бобби.
Бу сўзлар икки йил олдин жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан футболчининг тилларидан янграётганди. Бобби терма жамоа таркибида ҳам ўзининг энг яхши ўйинларини ўтказди. Бошқача қилиб айтганда, Англия терма жамоаси энг нурли даврларини Бобби Чарльтон даврида ўтказганди.
Англия майдонларида ўтган ЖЧ-66ни инглизлар Уругвай терма жамоаси билан нурсиз дуранг билан бошлашди. Кейин эса Франция ва Мексика терма жамоалари бир хил – 2:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Чорак финалда Аргентинага қарши ўйин жудаям қўпол ўтди ва ягона гол эвазига майдон эгалари ярим финал иштирокчисига айланди.
Португалияга қарши кечган ярим финалда Бобби Чарльтон ҳақиқий маънода ўз фаолиятидаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Майдон марказидаги ўйинлари билан бутун ўйинни назорат қилган Бобби Эйсебиодан ўз устунлигини намойиш этди. Португалиялик афсона бир марта пенальтидан тўп киритди, Бобби Чарльтон эса жамоасининг ҳар иккала голи муаллифига айланди. Унинг голлари узоқ масофадан берилган зарбалар асосида амалга ошганди.
Финал учрашуви немисларга қарши кечди. «Вест Ҳэм» ҳужумчиси Херстнинг бенефисига айланиб кетди. У финал ўйинларида ҳозирча ягона бўлиб турган ҳет-трик муаллифига айланди ва Англия терма жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мундиал тугагач, Бобби Чарльтон миллат қаҳрамонига айланди. У ҳақида нималар ёзилмади дейсиз.
«Чарльтоннинг юксак савияси Англияни чемпионга айлантирди», «Англия терма жамоасининг мияси ва қалби», «Оркестр-одам», «Шарқий Европа иродасини ва Рим киборлигини ўзида жалб қилган мукаммал футболчи», «Компьютер футболчи», «Ҳар бир вазиятнинг сеҳргари», «Универсал, техник ва ҳужумкор футбол тимсоли», «Энг ҳалол профессионал», деб бонг урганди Европа матбуоти.
Ўша мавсум Бобби Чарльтон «Олтин тўп» соҳибига айланди.
«Биласизми, менга бу совринни олиш унчалик ноқулайлик туғдирмади. Эйсебио ва Беккебауэр хафа бўлишмасин-у, бу мавсум совринга мен ҳақлироқ бўлдим. Биз мундиалда ғалаба қозондик, «МЮ» Европада ўзини кўрсатди. Мен яхши формада эдим ва шерикларим борасида ҳам омадлироқ чиқдим. Яна кўпгина факторлар мени бу сафда кўпроқ сезилишимга туртки берди.
Унинг замонаси учун нақадар қадрли футболчи бўлганлигини қўйидаги воқеа ҳам кўрсатиб беради.
Испаниянинг «Барселона» клуби Бобби Чарльтон учун 2,5 миллион фунт тўлашга рози бўлди ва 500 минг фунт футболчининг шахсан ўзига ваъда қилинди. Аммо Бобби Испанияга келишни хоҳламади. Солиштириш учун айтиш мумкинки, ўша пайт учун рекорд трансфер суммаси 250 минг фунт бўлиб, «Мантова»дан «Рома»га ўтган Анжело Сорманига тегишли эди. «Барселона»1982 йилга келибгина бир футболчига бундан кўп пул тўлашга рози бўлди. Каталонияликларни 3 миллион фунтдан кечишга мажбур қилган футболчи Диего Марадона бўлди. Тасаввур қиляпсизми, Бобби ўз замонасидан 16 йил олдинга ўтиб кетганди.
1968 йилги Европа чемпионатида совриндор ўринни эгаллаган Англия терма жамоасининг ЖЧ-70даги муваффақиятсизлиги Бобби учун ниҳоят оғир ботди. ГФРга қарши кечаётган чорак финал учрашувида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилаётганди. Мураббий ярим финал ўйинига асраш мақсадида Боббини алмаштиради. Ўйин эса немислар жамоасининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланади. Ўша чемпионатдан сўнг Бобби терма жамоа билан хайрлашди. 1973 йилда эса «МЮ»ни тарк этиб, оддийгина «Престон Норд Энд» клубига ўйновчи мураббий бўлиб фаолиятини давом эттирди.
Бобби Чарльтон ҳозирги пайтгача Англия футболининг рамзи ҳисоблаб келинади. 1994 йилда эса қиролича Елизавета футболчига рицарлик мақомини берди.
«Мен оддий ишчи оиласиданман. Шунинг учун бирор нарсага эришиш учун кўп меҳнат ва қурбонликлар қилишим кераклигини яхши тушунардим. Мен Бобби Чарльтон бўлишим учун жуда кўп меҳнат қилдим. Менинг наслим юлдузлик касалига чалинишимдан асраб турди, қолгани эса тангрининг иродасига боғлиқ ҳолда амалга ошди», деганди футболчи.
Бобби Чарльтоннинг бу қадар ҳурмат қозонишига фақат футболчилик маҳорати сабаб бўлмаганди. У майдонда соф ва ҳалол ўйнарди, ниҳоятда кенг қалб эгаси эди. Бутун фаолияти давомида у фақатгина бир марта оғзаки огоҳлантирилганди, ўша воқеада ҳам у жамоадоши Деннис Лоунинг тарафини олганди. Майдон ташқарисида ҳам у камтар ва меҳрибон инсон сифатида ҳаёт кечирди.
У «Манчестер Юнайтед»ни тарк этгач, жамоа бош мураббийи Томми Дохерти шундай деганди: «Футболчи сифатида унинг ўрнини тўлдириш жуда қийин бўлади, инсон сифатида эса янада қийинроқ».
Буни охиригача англаб етиш учун ўша 1958 йилга қайтишимизга тўғри келади. У ўлим билан юзма-юз келганди. Шерикларидан фарқли равишда тақдир унга яна бир имконият берганди, у иккинчи ҳаётини бошлаганди. Ўлим билан рўбару келган инсонлар ҳаётдаги шон-шараф, бойлик аслида арзимас мато эканлигини жуда тўғри англай олишади.
Балки Боббининг ютуғи ҳам шу бўлгандир. Афсуски биз ўлим билан нақадар ёнма-ён эканлигимизни уларчалик ҳис қила олмаймиз.
Досье
Роберт «Бобби» Чарльтон
1937 йил, 11 октябрда туғилган
Давлат: Англия
Амплуа: ҳужумчи, ярим ҳимоячи
Ўйнаган клублари: «Манчестер Юнайтед» (Англия) - 1953-1973 йиллар; «Престон Норд Энд» (Англия) - 1973-1975 йиллар
Терма жамоа сафида: 106 ўйин, 49 гол
Қўлга киритган ютуқлари:
Жаҳон Чемпиони (1) – 1966 й
Европа Чемпионатида учинчи ўрин (1) – 1968 й
Европа Чемпионлар кубоги (1) – 1968 й
Англия чемпиони (4) – 1956, 1957, 1965, 1967 йй
Англия кубоги соҳиби (1) – 1963 й
Европанинг энг яхши футболчиси (1) – 1966 й
Англиянинг энг яхши футболчиси (1) – 1968 й
ЮНЕСКО «Фэйр Плэй» совриндори (1) – 1973 й
Британия империяснинг махсус ордени ва ФИФАнинг олтин ордени соҳиби.
Қаҳрамон Асланов