Ўзбекистон | 22:26 / 15.10.2018
17604
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда АЭС қурилишига доир келишувни тасдиқлади

Фото: Росатом

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида республика ҳудудида атом электр станциясини лойиҳалаштириш ва қуриш тўғрисидаги келишувни тасдиқловчи қарорни имзолади. Kun.uz мухбири ўз манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар бермоқда.

Ҳужжат билан ҳукумат ва тегишли идоралар раҳбарларига Ўзбекистоннинг келишув доирасидаги мажбуриятлари ижроси назоратини таъминлаш топширилган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 7 сентябрида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси бош вазирлари Абдулла Арипов ва Дмитрий Медведев томонидан АЭС қуришга доир келишув имзоланган эди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга икки энергоблокдан иборат атом электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатацияга киритишни назарда тутади.

Бундан аввал KUN.UZ'да Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл атрофидаги ҳудудлар АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдон сифатида кўрилаётгани маълум қилинган эди.

"Ўзатом" агентлиги директори Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилиши электр энергия тизимни барқарорлик, тежамкорлик ва экологик хавфсизлик билан таъминлайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид