Ўзбекистон | 20:30 / 18.10.2018
85535
2 дақиқада ўқилади

Пахта-2018. Андижон вилоятида ҳам бир ҳоким ишдан кетди

Андижон вилояти, Олтинкўл тумани ҳокими Бахтимурод Исмоилович Каримов лавозимдан бўшатилган. Бу ҳақда «Kun.uz» манбаси хабар бермоқда.

Бахтимурод Каримов Олтинкўл туманини 2016 йилнинг 1 декабридан буён бошқариб келаётганди. 

14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида бўлиб ўтган селектор давомида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларида камчиликларга йўл қўйгани учун танқидга учраган ҳокимлар қаторида Бахтимурод Каримов ҳам бўлган. 

Йиғилиш вақтида 100дан ортиқ маҳаллий раҳбарларга (туман ҳокимлари, туман прокурорлари, туман ИИБ бошлиқлари ва туман ДСИ бошлиқлари) пахта сабаб интизомий чоралар қўллангани (уларнинг бир қисми ишдан олинган, бир қисмига ҳайфсан берилган ёки икки ойлик маошидан маҳрум этилган) ҳақида хабар қилинганди.

Манба маълумотига кўра, Олтинкўл тумани прокурори Давлатжон Иминов ҳам ишдан олинган.

14 октябрь кунги йиғилишда республика бўйлаб 10 ҳоким ишдан бўшатилиши маълум қилинганди. 

Бундан олдинроқ, Фарғона вилоятида икки ҳоким - Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокимлари ишдан кетгани хабар қилинди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида Урганч тумани ҳокими пахта теримидаги сусткашлик учун лавозимини тарк этган.

Мавзуга оид