Ўзбекистон | 12:30 / 29.10.2018
3883
3 дақиқада ўқилади

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиради

Жорий йилнинг 23-27-октябр кунлари Хитой пойтахти Пекинда Ўрмончилик бўйича 4-Халқаро Конгресс бўлиб ўтди. Анжуман БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (FАО), Ўрмон хўжалигида илмий тадқиқотлар олиб борувчи ташкилотлар халқаро уюшмаси (IUFRO), Хитой миллий Ўрмончилик ва кўкаламзорлаштириш вазирлиги, Хитой ўрмон хўжалиги академияси таъсисчилигида ташкил этилган.

Конгрессда 70дан зиёд давлатлар ва 10дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлардан ўрмончилик соҳасида фаолият олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар ҳамда етакчи мутахассислар иштирок этишди.

Конгресснинг дастлабки уч кунида дунёдаги соҳанинг етакчи олимлари, тадқиқотчилари томонидан ўрмончилик соҳасида, жумладан чўл ва нам танқис ҳудудларда ўрмон барпо этиш ишларини ташкил этиш, учраётган муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар бўйича илмий маърузалар бўлиб ўтди.

Конгрессда тингланган маърузалар, берилган таклифлар ва билдирилган мулоҳазаларга кўра, айниқса, қурғоқчилик ва бошқа ҳудудларда деградацияга учраган майдонларни ўзлаштириш, ўрмон ва яйловлар барпо этишни жадаллаштириш, чўлланишга қарши самарали курашиш, бундай ҳудудларда яшаётган аҳоли учун барқарор ижобий экологик шароит яратиш, уларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида халқаро ҳамкорликни, жумладан, илмий тадқиқотларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу конгрессда Ўзбекистон ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раис ўринбосари - Ўрмон хўжалиги ИТИ директори, профессор А.Ҳамзаев Ўзбекистонда ўрмончилик соҳасида олиб борилаётган ишлар, сўнгги йиллардаги салмоқли ижобий ўзгаришлар, илмий тадқиқот йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Маърузада Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш, ҳудудда ва қум зарарли тузларни кўчишини, йўллар ва аҳоли яшаш ҳудудларини қум босишини олдини олиш, Марказий Осиёнинг Орол денгизи минтақасида барқарор экологик ҳолатни ташкил этиш мақсадида ҳамкорликда тадбирлар ва илмий тадқиқотлар олиб бориш лозимлиги таклифини ўртага ташлади. 

Конгресс иши давомида Ўзбекистон ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти билан Ўрмон хўжалигида илмий тадқиқотлар олиб борувчи ташкилотлар халқаро уюшмаси (IUFRO), Хитой ўрмон хўжалиги академияси (CAF), Корея ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти, Мўғулистон миллий университети, Эрон ўрмончилик ва яйловшунослик илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик учун меморандум имзолашга ва келгусида ҳамкорликда ўрмончиликдаги муаммолар бўйича тадқиқотлар олиб боришга келишилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид