Вазирлар Маҳкамасининг “2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди:

2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари;

озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, шунингдек қурилиш материаллари, енгил саноат ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

хизматлар соҳаси ва сервисни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

қишлоқ хўжалиги соҳасини янада барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш дастурининг асосий кўрсаткичлари;

ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

қишлоқ хўжалиги соҳасида ер майдонларидан оқилона фойдаланиш ва ирригация тизимини яхшилаш бўйича манзилли рўйхати.

Дастур параметрларининг бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш вазифаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклатилди.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб боради ва мувофиқлаштиради;

Дастур бажарилишининг мониторинги олиб борилишини ташкил этади ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқади, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чора-тадбирлар кўради;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминлайди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиб тасдиқлайди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга ошириладиган қурилиш, ободонлаштириш ишлари учун зарур бўлган асосий турдаги қурилиш материалларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ўзлаштирилиши юзасидан қўшимча лойиҳа таклифларини шакллантириш ва Дастурга киритиш чораларини кўради.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши учун ер участкаларини белгиланган тартибда ажратади.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ "Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Деҳконобод туманидаги “Бентонит” ва “Доломит” хомашёсини қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.