Вазирлар Маҳкамасининг “2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманини комплекс ривожлантириш чора- тадбирлари дастури тасдиқланди:
2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари;
озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, шунингдек қурилиш материаллари, енгил саноат ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
қишлоқ хўжалиги соҳасини янада барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш дастурининг асосий кўрсаткичлари;
ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхати;
қишлоқ хўжалиги соҳасида ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, ирригация ва мелиорация тизимларини яхшилаш бўйича манзилли дастур ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати.
Дастур параметрларининг бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш вазифаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклатилди.
Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб боради ва мувофиқлаштиради;
Дастур бажарилишининг мониторинги олиб борилишини ташкил этади ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқади, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чора-тадбирлар кўради;
зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминлайди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун зарур бўлган асосий турдаги қурилиш материалларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ўзлаштирилиши юзасидан қўшимча лойиҳа таклифларини шакллантириш ва Дастурга киритиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, “Муборакнефтгаз” МЧЖ билан биргаликда “Муборак-Помуқ” насос станциясидан Помуқ шаҳарчасигача бўлган 29,5 км масофадаги сув қувурларини реконструкция қилиш ишларини амалга оширилишини таъминлайди.












