7-8 ноябрь кунлари Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги 4-тур ўйинлари ўтказилди. Кейинги турлар янада қизғин кечиши шубҳасиз, чунки бугунги ҳолатда фақат бир жамоа – «Барселона» кейинги босқич масаласини расман ҳал қилган бўлса, атиги 5 жамоа плей-оффга чиқиш имкониятини бой берди, холос. Аммо уларда ҳам учинчи ўринни олиш ва Европа Лигасига ўтиш имконияти мавжуд.

Қуйида гуруҳлардаги жорий вазиятлар ва жамоаларнинг кейинги ўйинлардаги имкониятлари ҳақида фикр юритилади. Аввало бир нарсани айтиб қўйиш керакки, гуруҳларда мабодо бир ёки ундан ортиқ жамоаларнинг очколари тенг бўлиб қолса, аввало, ўзаро ўйинларда қўлга киритилган очколар, ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбати ва ўзаро ўйинларда сафарда урилган голлар сони каби кўрсаткичлар солиштирилади. Шундан кейингина, умумий ўйинлардаги тўплар нисбатига қаралади.

А ГУРУҲИ

«Монако» билан борди-келди ўйинларда 4 очко олган «Брюгге» назарий томондан ҳали ҳам кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга бўлиб турган бўлса-да, бу ҳолатни кўпроқ «Монако»нинг жуда ёмон аҳволи билан боғлаб қўя қолайлик. «Атлетико» ва «Боруссия» энг яқин таъқибчи, яъни, «Брюгге»дан 5 очко олдинда турибди ва катта эҳтимол билан бу жамоаларнинг плей-оффга чиқиши вақтнинг ҳукмида қолган.

Аммо улардан қайси бири биринчи ва қайсиси иккинчи ўринни олиши саволи очиқ қолмоқда. Бу жуда муҳим, айниқса, 1/8 финалдаги потенциал эҳтимоли билан. Зеро «Барселона», «Реал», «Бавария»,«Манчестер Сити» ва балки «ПСЖ» каби гигантлар ўз гуруҳларида 1-ўринни олишлари ҳақиқатга яқинроқ бўлиб турибди. Бу жиҳатдан немисларда имконият кўпроқ. Чунки, ўзаро ўйинлардаги (4:0, 0:2) устунлик эвазига, агар очколар тенг бўлиб қолса, «Боруссия» юқорироқ ўринда жойлашади. Худди ҳозиргидек...

5 тур. Атлетико – Монако, Боруссия – Брюгге

6 тур. Монако – Боруссия, Брюгге - Атлетико

В ГУРУҲИ

Фақат шу гуруҳда фақатгина биттагина йўлланма қолган ва бу ўрин учун ҳатто 1 очко билан сўнгги ўринда бораётган ПСВ жамоасида ҳам назарий имконият мавжуд. Гуруҳнинг марказий учрашуви, шубҳасиз, кейинги турда Лондонда бўлиб ўтади.

«Тоттенҳэм» бу ўйинда ғалаба қозона олмаса, «Интер» муддатидан олдин плей-оффга чиқади. Чунки ўртадаги уч очколик фарқ сўнгги турда ҳам сақланиб турса, демак, ўзаро ўйинларда «Интер»«Тоттенҳэм»дан устунлик қилган бўлиб чиқади. Почеттино шогирдлари минимал бўлса-да, имкониятни сақлаб қолишлари учун, аввало, «Интер» устидан ғалаба қозонишлари шарт.