Қизил барчасини ўзгартириб юборди
«Ливерпул» – «Манчестер Сити» 0:3
Голлар: Ҳоланд, 65 (0:1). Доку, 68 (0:2). Шерки, 78 (0:3)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Жаке (Гомес, 88), Керкез, Араухо (Фримпонг, 75), Макаллистер, Гравенберҳ, Вирц (Ниони, 66), Барколя (Киеза, 88), Муниос, Кумас (Нгумоа, 75)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гейи, О`Райли (Гвардиол, 66), Матеуш Нунеш, Андерсон, Фернандес (Буадди, 80), Шерки, Семенио, Ндиай (Доку, 56), Ҳоланд (Аллан, 80)
Огоҳлантиришлар: Арауҳо, 8. Гравенберҳ, 47. ван Дейк, 90 – О`Райли, 58. Буадди, 86
Четлатиш: Гравенберҳ, 62 (иккинчи сариқ)
«Манчестер Сити» молиявий фирибгарликларда айбланганидан кейин илк ўйинини «Энфилд»да ўтказди. Трибуналарга йиғилган мезбон мухлислар эса рақибнинг ҳар бир тўпга тегинишини ҳуштакбозликлар билан қарши олди ва «Cheats!» (ғирромчилар) дея ҳайқиришди.
«Ливерпул» эса бу ўйин арафасида таркибда жиддий йўқотишларга учраганди: халқаро танаффусда жамоа ҳужум чизиғи бутунлай кучсизланганди (Исак, Гакпо ва Собослаи сафдан чиққан) ва Андони Ираола бошланғич таркибда 21 ёшли вингер Кумасни марказий ҳужумчи сифатида туширишга мажбур бўлди.
Ўйиннинг биринчи бўлими икки жамоа ҳам халқаро танаффусда катта куч йўқотганини кўрсатиб берди: «Сити»да ҳам, «Ливерпул»да ҳам миллий жамоа йиғинларида бўлиб қайтган футболчилар жуда кўп эди.
Кўрсаткичлар бўйича бироз устунлик мезбонларда бўлди, лекин бўлим давомида чинакамига голли вазият юзага келмади. Икки жамоа мураббийи ҳам таваккалчиликка қўл урмади ва эҳтиёткор ўйин услубини танлади.
Иккинчи бўлимда ниҳоят жамоалар футбол ўйнай бошлади. Дастлаб «Ливерпул» ҳужумга ўтди ва кетма-кет хавфли вазиятларга эга бўлди. 49-дақиқада Кумас хавфли зарба йўллади, Доннарумма тўпни қайтарди. Ҳужумнинг иккинчи темпида Маккалистердан ҳам хавфли зарба бўлди, тўп бу сафар устун ёнидан ўтиб кетди. Гравенберҳнинг зарбасига ҳам аниқлик етишмади.
Мезбонлар зарбалар бўйича 12:4 кўринишида устунлик қайд этаётганди ва ҳисоб очилиши муқаррардек эди. Аммо 56-дақиқада «Сити» бош мураббийи Энцо Мареска ҳал қилувчи ўзгаришни амалга оширди: майдонда борлиги сезилмаган Ндиайе ўрнига Доку туширилди ва воқеаларнинг кейинги ривожи қуйидагича кечди:
62-дақиқада Жереми қарши ҳужум бошлаётганида Гравенберҳ тактик фол ишлатди. Ўйин бош ҳаками Крис Кавана мезбонлар жарима майдонига яқин ҳудуддаги бу эпизод учун иккинчи сариқни бермаса ҳам бўларди, аммо мезбонларни озчилик бўлиб қолдиришга қарор қилди. Энг яхши ўйнаб турган футболчиси майдондан чиқиб кетгач эса мерсисайдликлар сочилиб кетишди;

















