Ўзбекистон Республикаси президенти “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Паррандасаноат” уюшмасининг Уюшма ҳузурида барча парранда хўжаликларига хизмат кўрсатувчи замонавий илмий-диагностика лаборатория марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
парранда касалликларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш;
паррандаларни озиқлантириш учун илмий асосланган меъёрларни ишлаб чиқиш;
барча турдаги парранда гўшти ва тухум маҳсулотларини қайта ишловчи технологик жараёнларни ишлаб чиқиш;
паррандачилик маҳсулотларининг биологик ва экологик хавфсизлигини таъминлаш, паррандаларни боқиш ва уларга берилаётган озуқа базасининг таркиби ва сифатини мониторинг қилиш;
барча турдаги парранда гўшти ва тухумларидан фойдаланган ҳолда умумий, болалар, парҳез ва махсус овқатланишнинг янги турдаги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган технологик жараёнларни ишлаб чиқиш;
паррандачилик хўжаликлари технологик лойиҳалари меъёрларини ишлаб чиқиш ва илмий асослаш.
Тошкент вилояти ҳокимлиги илмий-диагностика биолаборатория марказини жойлаштириш учун Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Тинчлик массивидан умумий майдони 1 гектар бўлган ер участкасини ажратади.
“Паррандасаноат” уюшмаси илмий-диагностика биолаборатория марказини зарур бўлган замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлайди.











