Сайт орқали «Ҳокимлик ва ИИБ нега фуқарога ўз қонуний мулкини олишга тўсқинлик қилмоқда?» сарлавҳаси остидаги мақолада бир тадбиркорнинг муаммолари баён этилганди. Унда аукцион орқали сотиб олинган мол-мулкларни Андижон вилояти, Хонобод шаҳар «Коинот» кўчаси 41-уй манзилида жойлашган «Fozilmon Nasilli Parranda» МЧЖга тегишли бўлган паррандачилик фабрикаси ҳудудидан олиб кетилишига ҳокимлик ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тўсқинлик қилинаётгани баён этилганди.
Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2014 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида рўйхатдан ўтган Андижон вилояти, Хонобод шаҳар «Коинот» кўчаси 41-уй манзилида жойлашган «Xonobod broyler» МЧЖ банкрот деб эътироф этилиб, тугатишга доир юритув бошланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ, қарздорга тегишли бўлган кўчар мол-мулклар «Universal auktsion invest» МЧЖ томонидан 2017 йил 13 январь куни ўтказилган очиқ аукцион савдолар орқали Азизбек Турғунов ва бошқалар сотиб олади.
Кейин эса, хокимлик ва ички ишлар бошқармаси ходимлари фуқаронинг аукцион орқали сотиб олган ушбу мол-мулкларини олиб кетишига қаршилик қилади.
Куни кеча мазкур мурожаат тақдири билан қизиққанимизда, фуқаро Азизбек Турғунов навбатдаги муаммога дуч келганига гувоҳ бўлдик. Гап шундаки, энди аукционда сотиб олинган мол-мулкларнинг олиб кетилишига «Капиталбанк» томонидан тўсқинлик қилинмоқда экан. Андижонга сафаримиз чоғида мулк эгаси номидан иш юритаётган фуқаро Ҳусанбой Тешабоев билан учрашдик ва ўша паррандачилик фабрикаси ҳудудидаги МЧЖда бўлдик.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
https://mover.uz/video/embed/rBT8L51m/
Мазкур мурожаат юзасидан «Капиталбанк» билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ уринишларимиз зое кетди. Шундан сўнг Тошкентга қайтдик ва «Капиталбанк»нинг республика бошқаруви офисида бўлдик. Афсуски, банкнинг республика бошқаруви марказий аппаратида ҳам биз билан суҳбатлашадиган, ҳолатга нисбатан муносабат билдирадиган бир мард топилмади.














